Суд кучли бўлса, “беспредел” кам бўлади – Алламжонов

Жамият

image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида кейинги ишларни 5 та асосий вазифалар бўйича ташкил этишини айтган эди. Бунда Президент таълим, суд, тидбиркорлик, соғлиқни сақлаш ва ичимлик суви бўйича ислоҳотларни назарда тутди. 

Хўш, қолган соҳалар-чи? Президент нега ушбу беш йўналишни урғулади. Ижтимоий тармоқ ва жамоатчилик орасида баҳсларга сабаб бўлаётган ушбу масалага Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов аниқлик киритди. 

“Кечаги Президент маърузаси нимаси билан фарқ қилади? Ундаги масалалар доим айтиб келинарди-ку. 

Гап шундаки, юртимизда муаммо кўп, унинг ечими учун имконият кам. Ўзимизни қанча ўққа-чўққа урмайлик, чегараланган имконият билан масалани охирига етказа олмаймиз. Ишларимиз натижаси чала-чулпа бўлиб қолаверади. 

Бунинг ечим қандай, деган саволга кеча Президент жавоб берди. 

У 5 та соҳани устувор қилиб ажратиб, ҳозирги бор имконият билан шу 5 та соҳани 5 га бажарамиз, унинг устига ўтириб олиб, ёйилиб кетмасдан ишлаймиз, демоқчи бўлаяпти”, дейди Алламжонов ўзининг Telegram-каналида.

У Президент нега айнан 5 соҳа теварагида гапирганини тушунтирди. 

“Нега айнан шу 5 та соҳа? Таълим ривожланса, билимлилар кўпаяди. Билимлилар юрти ҳеч қачон қолоқ бўлмайди. 

Бизнес ортидан одамлар, жамият бой бўлади. Камбағаллик қисқаради. Бойлари кўп юртда турли соҳалар, сервис хизматлар, умуман яхши ҳаётга интилиш кучаяди ва барпо бўлади. 

Бизнесменлар ҳуқуқларини шахслар эмас, қонун, одил суд ҳимоя қила олса, улар пулини четга олиб чиқиб кетмайди, четдан кирадиган инвесторлар сони ҳам шунга қараб кўпаяди, чунки уларда ҳам ишонч бўлади. Аслида, ҳамма муаммонинг ечими бу – одил суд. Суд кучли бўлса, оддий айтганда таълимда ҳам, бизнесда ҳам, медицинада ҳам, сувда ҳам — ҳамма соҳада  “беспредел” кам бўлади. Ҳамма ўзининг ўрнини билиб юради. 

Эртага сув қуриб қолса, ислоҳотлар ҳам кўнгилга сиғмайди. Ҳозир сув камайиши тезлашган. Яқин йилларда айрим ҳудудлар чўлга айланиб, қурғоқчилик кучайиб кетиши хавфи ортиб бораяпти. 

Медицина муҳимлигини-ку гапирмаса ҳам бўлади. У ердаги коррупция ва сифатсиз хизматга ҳар биримиз доим тўқнаш келамиз. 

Бир сўз билан айтганда, айнан шу 5 та соҳани 5 га бажара олишимиз шарт”, дейди Алламжонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг