Суд хорижликларнинг Гарвардда ўқишига қўйилган тақиқни блоклади
Олам
−
24 Май
2105АҚШ суди расмийларнинг Гарвард университетига хорижлик талабаларни қабул қилиш бўйича жорий қилган тақиқини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШнинг Массачусетс округ суди Гарвард университетининг Ички хавфсизлик департаменти томонидан хорижий талабаларни қабул қилишга қўйилган тақиқни тўхтатиб туриш ҳақидаги талабни қаноатлантирди.
Бунгача Гарвард Президент Дональд Трамп маъмуриятига қарши даъво аризаси киритган эди. Даъво ҳужжатларида Оқ уй қарори университет учун жиддий зарба бўлгани таъкидланган.
Гарвард ўз даъвосида 10 та ҳуқуқий айбловни илгари сурди, жумладан “Маъмурий тартиб-қоидалар тўғрисидаги” қонун бузилгани ва сўз ҳамда йиғилиш эркинлигини кафолатловчи АҚШ Конституциясининг Биринчи тузатмаси бузилганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм Гарвард университети хорижий талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганини билдирганди. Унинг айтишича, бу қарор барча хорижий талабалар ўз мақомини сақлаб қолиш учун бошқа олий ўқув юртларига ўқишга ўтиши кераклигини англатади.
Май ойи бошларида АҚШ таълим вазири Линда Макмахон Гарвард университетини қаттиқ танқид қилиб, уни бир қатор жиддий қонунбузарликларда айблади. Асосий эътирозлар қаторида қонунчилик меъёрларига мунтазам амал қилинмаслиги, таълим стандартларининг пастлиги ва АҚШ Олий суди томонидан университетда ирқий камситиш тақиқланиши бўйича чиқарилган қарор эътиборга олинмаётгани бор.
Бунгача Дональд Трамп маъмурияти Гарварднинг ҳукуматнинг антисемитизмга қарши курашиш талабларига жавоб бермагани сабабли университетга ажратилган 2,2 миллиард доллар маблағни музлатиб қўйган эди.
Умуман олганда, ҳозирда АҚШдаги олийгоҳлар ва Президент маъмурияти ўртасидаги зиддиятлар кучайган бўлиб, ҳукумат Гарвардни антисемитизмга қарши етарли чоралар кўрмасликда айблаб, унга ажратиладиган грантларни музлатди ва молиявий кўмакни сезиларли даражада қисқартирди.
LiveБарчаси