Суд қарорини менсимаган вазир Амрилло Иноятов жазога тортилиши мумкин
Жамият
−
04 Октябрь 2023
38620Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов жазога тортилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бўлими вазирликка хат юборган.
Хатда кўрсатилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 30.06.2022 йилдаги 2-1003-2210/17152-сонли ижро варақасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига Ҳакимов Ғолиб Абдуллоевични Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали директори (бош шифокори) лавозимига қайтариш мажбурияти юклатилган бўлган.
Бироқ мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган бўлса-да бир йил давомида амалга оширилмаган.
“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вазир ўринбосари А.Иноятовнинг ( айни пайтда вазир лавозимида) 2022 йилнинг 3 сентябрдаги 8к-26311-сонли хатида, мазкур қарор юзасидан ССВнинг хати билан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясига апелляция шикояти киритилганлиги маълум қилинган. Шундан сўнг ижро ҳаракатлари давом эттирилиб, 2022 йилнинг 15, 23 август, 3 ноябрь ва 16 декабрь кунлари ССВга ундирувчини эгаллаб келган лавозимига ишга қайтармаётганлиги ҳолатидан тушунтириш олиш мақсадида борилган вақтида, вазир, вазир ўринбосари ҳамда кадр бошлиғини топишни имконияти бўлмаганлиги сабабли холислар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган”, дейилган МИБ хатида.
Бундан ташқари, ўтган йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва шу йилнинг 12 январь куни эса Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқарма бошлиғи ўринбосари томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига хат билан мурожаат қилинган. Бироқ ССВ бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация шикоятини киритган.
Бундан ташқари, Бош прокурор томонидан юқорида қайд этилган ундирувчини ишга тиклашда амалий ёрдам беришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаевга ҳам (собиқ ССВ вазири) хат билан мурожаат қилинган.
“Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 17.02.2023 йилдаги ажримига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 30.06.2022 йилдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 11.10.2022 йилдаги ажрими ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Шу билан бирга, ундирувчи Ғ.Ҳакимовни Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали директори (бош шифокори) лавозимига зудлик билан қайтаришни ва буйруқ нусхасини тақдим қилишини сўраб, 19.04.2023 йилда такрорий эслатма хати юборилган”, дея қайд этилган хатда.
Шу сабабли мазкур ижро ҳужжати юзасидан ССВга бир неча марта хат билан, Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 12.01.2023 йилда огохлантириш хати билан мурожаат қилинган.
“Ижро ҳужжатини ижросини таъминлаш мақсадида Бюронинг марказий маҳкамаси бош инспектори Ф.Ҳамдамов иштирокида 07.05.2023-йил санасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирилигига борилиб, вазирлик кадрлар бўлими ходими О.Султонов билан учрашганда Ғ.Ҳакимов ишга тикланмаганлиги ва ушбу суд қарори ижроси ССВ А.Иноятовнинг ваколатида эканлиги, ССВ А.Иноятов ҳозирги кунда хизмат сафари билан АҚШ давлатига кетганлиги, унинг вазифасини бажарувчи сифатида ўринбосарлардан бирортаси тайинланмаганлиги аниқланиб, бу тўғрисида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган”, дея тушунтирган МИБ.
Бундан ташқари ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали директори (бош шифокори} лавозимига зудлик билан қайтаришни ва буйруқ нусхасини тақдим қилишини сўраб, расмий огоҳлантириш хати юборилган. Шу билан биргаликда, ижро ҳужжатини ижросини таъминлаш мақсадида Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлим бошлиғи А.Закиров иштирокида 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирилигига борилиб, яна масъуллар билан суҳбатлашилган. Улар эса ССВ А.Иноятов ҳозирги кунда Тошкент вилояти, Тошкент туманида эканлигини маълум қилган ва Ғ.Ҳакимов ҳозиргача ишга тикланмаганлиги ва ушбу суд қарори ижроси ССВ А.Иноятовнинг ваколатида эканлиги маълум қилинган. Бюро ходимлари томонидан эса бу тўғрисида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган. Эндиликда мазкур қарор ижросини таъминламай келган масъул ходимлар жазога тортилади.
“Шунга кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 30.06.2022 йилдаги 2-1003-2210/17152-сонли ижро варақасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига Ҳакимов Ғолиб Абдуллоевични Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали директори (бош шифокори) лавозимига қайтариш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги ҳужжат ижросини шу кунга қадар бажарилмаганлиги сабабли масъул ходимларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 198-1-моддасига асосан маъмурий жарима қўллаш учун лавозим буйруқлари ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларидан нусхаларни дарҳол тақдим қилишингизни сўраймиз”, деган МИБ.
Юқорида қайд этилганидек, агар қарор ижросини таъминлаш вазир Амрилло Иноятов зиммасига юкланган бўлса жазоланадиганлар орасида у ҳам бўлиши мумкин.
Маълумот учун, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 198-1-моддасига кўра, ижро ҳужжатининг мазкур ҳужжатни ихтиёрий равишда бажариш учун давлат ижрочиси белгилаган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь