Суд Алишер Усмоновни “Путиннинг севимли олигархи” деб аташни тақиқлади
Олам
−
26 Август 2023
6888Германиянинг Гамбург шаҳри суди ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг Австриядаги “Kurier” газетасига қарши даъвоси бўйича ҳукм чиқарди. Суд газетанинг Россия Президенти Владимир Путин Усмоновни “севимли олигарх” деб атагани ҳақидаги баёнотини асослаб бера олмагани ва бу билан тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилганини аниқлади. Бу ҳақда суд ҳужжатларига таяниб, “EU Today” нашри хабар берди.
Суд қарорида сўз эркинлиги ва Россия билан алоқаласи бор таниқли ишбилармонларнинг кенг ёритилиши фонида потенциал зарар етказувчи баёнотларни текшириш бўйича танқидий фикр билдирилган.
Баҳс “Kurier”нинг 2023 йил август ойида чоп этилган “Россия олигархлари – Путин урушларининг молиявий таянчи” сарлавҳали мақоласи туфайли келиб чиққан.
“Асли ўзбекистонлик Усмонов “Путиннинг севимли олигархи” мақомига эга, бу унвон унга Путиннинг ўзи томонидан берилган”, дейилган мақолада.
Бироқ Путиннинг бундай баёнот бергани ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини инобатга олиб, суд бундай маълумотлар тарқатилишини тақиқлади.
“Нашр Путин Усмоновни “севимли олигарх” деб атагани ҳақидаги баёнотнинг ҳақиқатлигини исботлай олмади”, дейилган суд ҳужжатларида.
Газета эса ўз ҳимоясида Усмонов “Путиннинг севимли олигархларидан бири” деб таърифлаган Европа Иттифоқи санкцияларининг мантиқий қисмини келтирган. Суд ҳукмига кўра, ушбу маълумотнома мақолани асослаш учун етарли эмас, деб топган.
Маълумот учун, Алишер Усмонов 2022 йил 28 февралдан бери Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлиб, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатлар ҳам унга нисбатан чекловлар жорий қилган. Жорий йилнинг августида Усмонов санкциялар унинг обрўсига путур етказаётганини айтиб, хусусийлаштиришда иштирок этмагани ва “давлатдан ҳеч қандай шубҳали ёрдам” олмагани учун уни олигарх деб ҳисоблаш мумкинлиги ҳақидаги даъвони рад этган.
“Bloomberg” хабарига кўра, тадбиркор ўтган йилнинг апрель ойида санкцияларга эътироз билдириш учун ЕИ судига мурожаат қилган. Кузда унинг Германиядаги виллаларида тинтувлар ўтказилган. Германиянинг “Tagesschau” порталига кўра, рейдлар Усмоновнинг солиқ тўлашдан бўйин товлаш, пул ювиш ва санкцияларни бузганлик ҳақидаги айбловлари билан боғланган.
2022 йил ноябрида Усмоновнинг матбуот хизмати тадбиркорга нисбатан пул ювиш ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда гумон қилиш учун асос йўқлигини, “унинг пулларининг келиб чиқиши мутлақо шаффоф” эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Усмонов Бремен портидаги “Дилбар” яхтасида ўтказилган тинтувлар унинг мулк дахлсизлигига бўлган ҳуқуқининг бузилиши эканини даъво қилиб, Германия Федерал Конституциявий судига мурожаат қилганди.
LiveБарчаси