Столтенберг урушни Путин эмас, Зеленский тўхтатса, нима бўлишини айтди
Олам
−
24 Октябрь 2022
26228Агар Президент Владимир Зеленский урушни тўхтатса, Украина мустақил давлат сифатида мавжуд бўлмайди. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг DW Conflict Zone дастурида айтиб ўтди.
“Биз Россиянинг ҳаракатларига, у ерда ким бўлишидан қатъи назар, муносабат билдирамиз. Ва биз уларни бу урушни тўхтатишга ундашда давом этамиз. Бу урушни бошлаган Президент Путин эди ва у эртага ўз қўшинларини олиб чиқиб, уни тугатиши мумкин. Шуни ёдда тутишимиз керакки, агар Путин ва Россия урушни тўхтатса, тинчлик бўлади. Агар Президент Зеленский ва Украина урушни тўхтатса, Украина мустақил давлат сифатида мавжуд бўлишни тўхтатади. Ва биз бундай бўлишини хоҳламаймиз. Шунинг учун биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Столтенберг.
Унинг таъкидлашича, НАТОнинг энг устувор вазифаси Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишдир.
Столтенбергнинг айтишича, жанг майдонидаги ғалаба Украина Қуролли Кучларининг хизмати, аммо НАТО кўмагисиз улар бу муваффақиятларга эриша олмаган ва русларни сўнгги ҳафталарда бўлган йўлидан ортга қайтара олмас эди.
Бундан ташқари, Столтенберг НАТОни қўрқитиш ёки Россиянинг ядровий шантажига чидашга мажбурлаб бўлмаслигини айтди. Унинг қайд этишича, Россия Федерацияси таҳдидлари ҳамкорларни шантаж қилиш ва уларни Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатишга мажбур қилишдир.
Шу билан бирга, Бош котиб Украинага қарши ҳар қандай ядро қуролини қўллаш хавфи паст эканлигини таъкидлади.
“Бироқ, уни қўллашнинг мумкин бўлган таъсири ва оқибатлари жуда катта. Шунинг учун биз бу таваккалчиликни жиддий қабул қилишимиз керак”, дейди у.
Столтенбергга кўра, ядро урушида ғалаба қозониб бўлмайди, шунинг учун уни ҳеч қачон бошламаслик керак.
Шунингдек, у Россия Федерациясининг эҳтимолий ядровий ҳужумига альянс қандай жавоб бериши ҳақида батафсил маълумот бермади.
“Бу кўп жиҳатдан ҳужум турига, вазиятга, контекстга боғлиқ бўлади, лекин биз ҳеч қачон потенциал рақибга қандай муносабатда бўлишимизни билиш имтиёзини бермаймиз. Улар бунинг жиддий оқибатларга олиб келишини билишади. Ва биз бу хабарни охирги ҳафталарда бир неча бор такрорладик”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 октябрь куни Столтенберг Россиянинг ғалабаси Украина учун ҳам, альянс учун ҳам катта мағлубият бўлишини, чунки бу дунёни янада хавфли, НАТО мамлакатларини эса Россия агрессиясига нисбатан заифроқ қилишини айтди. У, шунингдек, альянс Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириши ва давом эттиришини таъкидлаб, НАТО Украина билан бирга эканлигини ва қанча вақт керак бўлса, шунча у билан туришини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, Столтенбергнинг айтишича, НАТО Украина можаросида иштирок этмайди, бироқ альянснинг Киевни қўллаб-қувватлаши муҳим роль ўйнайди.
Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведевга кўра, юқоридаги сўзлари билан Столтенберг НАТО аллақачон бу урушга кирганини тасдиқлаган.
“Норвегиялик ҳалол йигит ниҳоят буни тан олди”, деб ёзади Медведев