ССВга янги вазифалар юклатилади

Жамият 8416
image

Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати тузилмасига вазирнинг соғлиқни сақлаш ислоҳоти ва ахборот технологиялари бўйича маслаҳатчиси лавозимини киритиш режалаштириляпти. Бу ҳақда “Соғлиқни сақлаш бошқарув органларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳасида сўз боради.

Янги маслаҳатчи соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш ва режалаштириш бўйича концепция ҳамда стратегик мақсадларни ишлаб чиқиш, соҳадаги ислоҳотларни тўлиқ шаклда амалга оширилишини кузатиб боради.

Қарор лойиҳасига кўра, ССВга соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини ташкил этишда сўнгги йилларда тўпланиб қолган тизимли камчилик ва муаммоларни ҳал этиш ҳамда фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги вазифалар қўшимча тарзда юклатилади:

•    соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни унификациялаш ҳамда тиббий хизмат сифатини ошириш ва беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг масъулияти ва ҳимояланганлигини кучайтиришга қаратилган тўғридан-тўғри таъсир қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш;

•    жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этишни таъминлайдиган замонавий бошқарув тизимини ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг “кластер” моделини шакллантириш, тиббиёт ва фармацевтика муассасаларини аккредитация қилиш, шифокорлик ва фармацевтик фаолиятни лицензиялаш тизимини жорий этиш;

•    тиббий генетикани, аёллар ва болаларга шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантириш асосида, замонавий скрининг дастурларини жорий этиш, “Она ва бола” ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт мажмуалари ва маълумотлар тизимларини шакллантириш асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш;

•    тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, шунингдек, тиббий стандартлаштириш тизимини шакллантириш, ташхис қўйиш ва даволашнинг юқори технологик усулларини жорий этиш, патронаж хизмати ва диспансеризациянинг самарали моделларини яратиш орқали соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва касалликларни профилактика қилиш;

•    тиббиёт соҳасини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатишнинг барча босқичларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, “ҳар бир даволанган ҳолат” учун тўлаш тизимини кенг жорий этиш, шунингдек, мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш;

•    хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий шериклигини ва тиббий туризмни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш;

•    фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, нарх шаклланиши механизмларини такомиллаштириш, дори воситалари, тиббий техника ва буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш, улар устидан давлат назоратини кучайтириш;

•    тиббий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт фанини ривожлантириш, шу жумладан, тиббиёт илмий ва таълим муассасаларини халқаро стандартлар бўйича сертификатлаштириш (аккредитациядан ўтказиш);

•    “электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш.

Қарор лойиҳаси 14 октябргача муҳокама қилинади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 106
Рейтинг: 3.2
Теглар
t
×