ССВ “Сквер” яқинидаги оммавий тўпланишга муносабат билдирди

Жамият 6763
image

Аввалроқ, Ўзбекистонга келган россиялик блогер Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида 150-200 нафар одамни тўплаб, тартибсизликларга сабаб бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги карантин чоралари кучайтирилган вақтда эпидемиологик хавфли вазият юзага келтирилганига ўз муносабатини билдирди.

Вазирлик бир неча кун муқаддам Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан мавжуд эпидемиологик вазият туфайли мамлакатда барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари вақтинча тўхтатилиши белгиланганини эслатган.

Бундан ташқари, 50 нафардан кўп бўлган кишилар бир жойда, бир вақтнинг ўзида тўпланмаслиги тавсия этилаётгани ҳам ёдга олинган.

“Бироқ шунга қарамай, айрим ҳолларда карантин қоидалари ва чекловлари қўпол равишда бузилаётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. 

Хусусан, кеча, 13 июль куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Instagram ва Youtube ижтимоий тармоқларида “Субо” номи билан танилган россиялик блогер С.Мамедовни кутиб олиш учун 150-200 нафарга яқин ёшлар йиғилган. Ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида тарқалган ушбу тадбир акс этган видеотасвирлардан кўриш мумкинки, бу йиғинда иштирок этган ёшлар томонидан мамлакатимизда ўрнатилган ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш каби карантин қоидаларига мутлақо риоя этилмаган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Таъкидланишича, бу ҳолат коронавирус инфекциясининг янада кенг тарқалиши ва эпидемиологик вазият янада оғирлашишига олиб келиши мумкин. Касалликнинг янги штаммлари тез юқиши, жадал ривожланиши ҳамда яширин равишда организмни кучли жароҳатлаши кузатилмоқда. Инсон ўз организмида кечаётган жараённи билмай қолиши ҳам мумкин.

“Шу боис, барча фуқаролардан карантин қоидалари ва чекловлари, санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этишга, оммавий тўпланмасликка чақирамиз. Ота-оналар ўз фарзандларига бу борада тегишли тушунтириш беришлари, кўпчилик тўпланадиган жойлардан узоқ бўлишларига эътибор қаратишларини сўраймиз.

Зеро, биргина эътиборсизлик, лоқайдлик, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини хавф остига қўйиши, “COVID-19” инфекциясини юртимиз аҳолиси орасида янада кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши мумкин”, дейилади ССВ хабарида.

Вазирлик Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш тегишли тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлишини қайд этган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 91
Рейтинг: 3
Теглар
t
×