ССВ Президентнинг 14та топшириғини умуман бажармаган (видео)
Жамият
−
26 Декабрь 2019
26698Жорий йилнинг 25 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган уч йилдаги Соғлиқни сақлаш соҳасига оид топшириқларидан 26 таси муддати бузиб ижро этилган. 14 таси умуман бажарилмаган. Бу ҳақда кеча, 25 декабрь куни Бош прокуратурада ўтган йиғилишда Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди.
Йиғилишда Бош прокурор Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижроси бажармай келаётганини танқид қилди.
Унга кўра, берилган аксарият топшириқларда тиббиёт соҳасида тизимли нуқсонларни аниқлаш ва бартараф этиш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий қилиш каби муҳим вазифалар ўрин олган.
Президентнинг 2017 йил 16 мартдаги 2838-сонли қарорида 2018 йил 1 апрелга қадар тез ёрдам хизматини тезкор бошқаришга қаратилган ахборот тизими ва маълумот узатиш тармоғини яратиш белгиланган бўлса-да, бу талаб 1 йил-у 8 ойдан буён бажарилмаган.
2017 йил 20 июндаги 3071-сонли қарорда 2018 йил 1 январга қадар ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож беморларнинг электрон базасини ташкил қилиш ҳамда 2019 йил 1 мартга қадар диспансер кузатувидаги шахслар ҳисобини юритишнинг электрон реестрини жорий этиш белгиланган бўлса-да, бу вазифа ҳам шу кунга қадар бажарилмаган.
Бундан ташқари, тизимда масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш, юридик хизмат фаолияти ҳам талабга тўла жавоб бермайди.
Бунга Адлия вазирлигида экспертизадан ўтказилмаган 6 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатдан фойдаланишга йўл қўйилганлиги яққол далилдир.
Хусусан, давлат ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган касалликлар рўйхатига доир вазирликнинг 4 та буйруғи фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлса-да, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмасдан, шу йилнинг 15 августига қадар фойдаланиб келинган.
LiveБарчаси