ССВ огоҳлантириш билан чиқди

Жамият 24591
image

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган беморларни даво стандартларисиз кўр-кўрона даволаш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Қайт этилишича, тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомда ҳам нодавлат тиббиёт муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган диагностика ва даволаш стандартларига, санитария-эпидемиология қоидаларига қатъий риоя қилиши лозимлиги алоҳида таъкидланган.

Ушбу ҳужжатларга асосан, хусусий шифохоналар мураккаб вазиятни юмшатишда яқиндан ёрдам бериб, тегишли даволаш стандартлари ва тавсиялари асосида коронавирусга чалинганларга тез ва сифатли тарзда тиббий хизмат кўрсатишаётгани чинакам эътирофга ҳақли.

ССВнинг таъкидлашича, эслатиб келинаётганига қарамасдан, айрим хусусий шифохоналарда коронавирусга чалинган беморларни даволашда тасдиқланган стандартларга риоя қилмаслик натижасида жиддий ва қалтис хатоларга йўл қўйилаётгани маълум бўлмоқда. 

“Мисол учун, коронавирусни даволаш билан шуғулланаётган хусусий шифохоналар фаолияти юзасидан ретро-проспектив текширувлар ўтказилганда, олий тоифали пульмонолог З.Ю. томонидан бир оиланинг 3 аъзосига, аҳволи енгил даражада бўлишига қарамасдан, 12 турдаги (!) дори воситасини (“Аскорбин” кислота, “Бактазон”, “Моксив”, “Дексаметазон”, “Вобэнзим”, “Тромбонет”, “Курантил”, “Ларитидин”, “Флюконазол”, “Амброксол”, “Цинк”, “Верошпирон”) тавсия қилингани қайд этилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, бошқа бир хусусий шифохонада фаолият юритган оториноларингология ихтисослиги бўйича 2-курс клиник ординатори И.Б. айрим беморларга, улар касалликнинг енгил даражасини ўтказаётганига қарамасдан, бир вақтнинг ўзида 10 га яқин (“Цефепим”, “Ацикловир”, “Дексаметазон”, “Амброксол”, “Клексан”, “Курантил”, “Кардиомагнил”, “Верошпирон”) дори воситаларини ҳамда ингаляция учун “Декосан” + “Дексаметазон” + “Димедрол” дори воситалари аралашмаларини тавсия қилгани аниқланган.

Иккала ҳолатда ҳам беморларнинг аҳволи ёмонлашганлиги сабабли Республика вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. 

Шунингдек, сўнгги бир ярим ой мобайнида хусусий шифохоналардан биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жами 17 нафар бемор белгинланган даво стандартларига амал қилинмагани, меъёридан ортиқ миқдорда антибиотик ва бошқа тавсия этилмаган турли хил инфузион дори воситалари қўлланилгани учун оғир аҳволда кўчирилгани маълум бўлган. Бу каби беморлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохоналари ва вазирлик тасарруфидаги бошқа даволаш муассасаларига ҳам ётқизилган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан пойтахтимизда ўтказилган текширув натижалари бўйича 4 та хусусий шифохонага берилган лицензия тугатилган, 2 тасида лицензиянинг амал қилиш муддати 10 кунга тўхтатилган, яна 2 тасига эса камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 516
Рейтинг: 2.9
t
×