ССВ китоблик эркак ўлимининг асл сабабларини яширяптими?

Жамият 19363
image

Бироз аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қашқадарёнинг Китоб туманида 1963 йилда туғилган фуқаро Н.О. (эркак) коронавирусдан эмас, бошқа ёндош касалликлардан вафот этгани ҳақида хабар берганди. Унда вафот этган фуқаронинг бир ойда топширган иккита таҳлили ҳам манфий натижа бергани айтилганди.

Аммо QALAMPIR.UZ`га келиб тушган Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ССВ ва Бош давлат санитария врачига юборилган расмий хатда Н.О.да коронавирус тести мусбат натижа бергани кўрсатилган.

Хусусан, хатда ССВ хабар берганидек, Н.О. 2020 йил 10 апрель куни Қозоғистон Республикасига ишлаш мақсадида кетган ва 9 май куни мамлакатга қайтиб келган, Тошкент вилоятидаги Карантин марказига тиббий кузатувга олингани айтилган. 10 май куни эса Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимига пневмония ташхиси билан ётқизилган. 22 май куни коронавирус инфекциясига текширилган ва манфий натижа қайд этилгани сабабли 27 май куни уйига жавоб берилган.

Хатда қайд этилишича, Н.О. 27 майдан 28 майгача Тошкент шаҳрида ижарадаги уйда бўлган ва 28 май куни Респ. О ва РИАТМ ҳамда РШТЁИМга мурожаат қилган. Ушбу клиникаларга қабул қилинмагани сабабли, А.Воҳидов номидаги кўкрак жарроҳлик марказига мурожаат қилган ва диагностика бўлимида эхокардиограмма қилиниб, икки томонлама плеврит ташхиси қўйилган ҳамда аҳволи оғир бўлгани сабабли қабул қилинмаган. 2020 йил 28 май куни Тошкент вилояти Зангиота туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келингач, кечки соат 17:00да уйига жавоб берилган. Йўловчи машинада Китоб туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига 29 май куни соат 00:30 да олиб келинган.

Аммо ССВ берган маълумотда бемор бир эмас, уч шифохонага қабул қилинмагани оғир аҳволда узоқ йўл юриб, Китобга кетгани ҳақида оғиз очилмаганди. Нега клиникалар оғир аҳволдаги беморни қабул қилмай, уни ортга қайтарди?

Хатда билдирилишича, 29 май куни эрталаб соат 9:00 да коронавирус инфекциясига текшириш учун намуна олинган, 29 май куни 14:00 да аҳволи оғирлашгани сабабли қариндошлари томонидан уйига олиб кетилган ва 16:00 да вафот этган. 2020 йил 30 май куни соат 10:00 да дафн этилган. 2020 йил 30 май куни соат 22:00 да коронавирус инфекциясига олинган таҳлил натижаси мусбат натижа бергани қайд этилган.

“Шу йилнинг 31 май куни юборилган суртма намуналарини такрор текширув натижаларига кўра, марҳум беморда коронавирус инфекцияси аниқланмади. Демак, бир ой ичида ўтказилган иккинчи бор диагностик тахлил ҳам Н.О. COVID-19 инфекциясига чалинмаганлигини кўрсатган”, деганди ССВ.

Вазирлик таҳлил натижаси мусбат чиққани ҳақида маълумот бермаганди. Аммо намуналар қайта текширилганда коронавирус аниқланмагани айтилган.

Ҳозирда касаллик топилган ўчоқда эпидемияга қарши чора-тадбирлар ва эпидемиологик суриштирув ишлари бошланган, бирламчи мулоқотда бўлганлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилмоқда.

Расмий хат Қашқадарё ССБ ва вилоят Санитария-эпидемиология бош врачи томонидан тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти ҳозирда "яшил" тоифага киритилган. Вилоят биринчилардан бўлиб, коронавирусдан ҳоли бўлган.

Маъумот учун, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда 3662 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 2837 нафари соғайган ва 15 нафари вафот этган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 466
Рейтинг: 3
t
×