ССВ Бухородаги портлашда жабрланган 12 кишининг аҳволи ҳақида маълумот берди

Жамият

image
Бухорода портлаган кўп қаватли уйда газ бўйича синовлар рухсатсиз ўтказилган north_east

Бухорода портлаган кўп қаватли уйда газ бўйича синовлар рухсатсиз ўтказилган

Кеча, 4 февраль куни Бухоро шаҳри Ислом Каримов кўчаси йўл ёқасида бунёд этилаётган кўп қаватли уйда портлаш юзага келган эди. Қурилиши тугалланмаган 9 қаватли бинонинг 3-қаватидаги хонадонда газ сизиб чиқиши натижасида портлаш вужудга келган.

Ҳодисада жами 12 киши жабрланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланганларнинг аҳволи ҳақида маълумот берди.

Фавқулодда ҳолат юзага келганда кўп қаватли уйда бўлган 3 нафар, портлаш жараёнида йўлдан транспорт воситаларида йўловчи сифатида кетаётган 9 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олишган. Улар зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинган.

Портлашдан жабрланган 12 нафар бемордан 5 нафари филиалнинг нейрореанимация бўлимига “Миянинг ёпиқ шикастланиши ва мия чайқалиши” ташхиси билан ётқизилган. Аҳволи ўрта оғирликда. 2 нафар бемор умумий реанимация бўлимига жойлаштирилган. Уларнинг бир нафарининг юз ва қўлларида 35 фоиз куйиш аниқланган, аҳволи нисбатан оғирроқ. Иккинчи беморда кўкрак қафасининг ёпиқ шикастланиши кузатилган, унинг аҳволи қониқарли.

Қолган беш нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатилган. Уларда ситуацион невроз (қаттиқ қўрқиш) ташхиси қўйилган бўлиб, зарур муолажалар амалга оширилгач, уйларига жавоб берилган.

Бугун нейрореанимация бўлимидаги беморлардан бирига аҳволи яхшиланганлиги учун жавоб берилган.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳар Ислом Каримов кўчасида жойлашган “WHITE GROUP TRADING” МЧЖ томонидан қурилган 9 қаватдан иборат бўлган кўп қаватлида табиий газни улаш жараёнида газнинг қувурдан сизиб чиқиши натижасида портлаш юзага келган.


Мақола муаллифи

Теглар

портлаш

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг