SpaceX космосда қолиб кетган астронавтларни қайтариш учун ракета учирди
Технология
−
15 Март
3372Кеча, 14 март куни SpaceX ва NASA Халқаро Космик Станцияда (ХКС) тўққиз ой давомида қолиб кетган астронавтларни Ерга қайтариш учун ракета учирди. Бу ҳақда SpaceX ўзининг X саҳифасида хабар берди.
Қайд этилишича, маҳаллий вақт билан соат 19:03 да Кеннеди космик марказидан Falcon 9 ракетаси Crew Dragon кемаси билан учирилган. У 4 кишилик экипажни ХКСга етказиш учун йўлга чиққан. Бироқ миссиянинг асосий мақсади янги экипажни ХКСга етказиш эмас, балки NASA астронавтлари Бутч Уилмор ва Суни Уильямснинг Ерга қайтишини таъминлашдир.
Улар 2024 йил июнь ойида Boeing Starliner космик кемасида синов парвозини амалга ошириш учун жўнаб кетган эди. Аммо кеманинг двигатель тизимидаги муаммолар туфайли уларни орқага қайтариш хавфли деб топилган ва натижада кема бўш ҳолда Ерга қайтарилган. Шу сабабли Уилмор ва Уильямс режалаштирилган ўн кунлик миссия ўрнига тўққиз ой давомида ХКСда қолиб кетди.
Бу рекорд даражадаги узоқ муддатли фазо сафари эмас. Масалан, NASA астронавти Френк Рубио 2023 йилда ХКСда 371 кун ўтказган, россиялик космонавт Валерий Поляков эса “Мир” станциясида 437 кун қолган эди. Аммо Уилмор ва Уильямс учун бу режалаштирилмаган узоқ миссия бўлди. Улар етарлича кийим-кечак ва шахсий буюмлар олиб келмаганлиги сабабли қўшимча ресурслар етказиб берилган.
Ушбу кутилмаган кечикиш сиёсий баҳсларга ҳам сабаб бўлди. АҚШ Президенти Дональд Трамп ва унинг маслаҳатчиси, SpaceX раҳбари Илон Маск собиқ президент Жо Байден астронавтларни “атайин ташлаб кетган” деб даъво қилди. Ушбу айблов космик ҳамжамиятда кескин норозиликни келтириб чиқарди, чунки Маск ҳеч қандай аниқ далиллар келтирмади.
NASA эса уларни қайтариш режасининг доимий мавжуд бўлганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ SpaceX компанияси АҚШ ва Япониядаги хусусий компаниялар томонидан қурилган иккита Ой модули билан Falcon 9 ракетаcини учирган эди.
LiveБарчаси
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси қайта тайинланди.
15:49
Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолашга оид қарор лойиҳаси эълон қилинди.
14:35