Совуқ об-ҳаво кейинги ҳафтанинг бошигача давом этади – Ўзгидромет прогнози
Бу қизиқ
−
20 Ноябрь 2020
9392Жорий йилнинг 18 ноябрида Ўзбекистонга Урал ҳудудларидан жуда совуқ антициклон кириб келди. Антициклон чинакам қишки об-ҳавони қор ёғиши ва совуқни олиб келди. Ўзбекистон ҳудудлари бўйича ёғингарчилик, асосан қор кўринишида кузатилди, тоғ ҳудудларининг баъзи жойларида қор кучли бўлди. Фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ва чўл зоналарида ёғингарчилик кузатилмади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази маълум қилди.
Қор ёғиши пайтида баъзи жойларда кўриниш 50-100 метргача ёмонлашган. Йўлларни яхмалак қоплаган. Кечга томон республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида баландлиги 6 см дан 14 см гача, баъзи жойларда 20-25 см гача бўлган қор қоплами ҳосил бўлган. Қор қоплами олдинроқ шаклланган тоғли ҳудудларда қор баландлиги 10-30 см ни ташкил этган.
Ҳаво ҳарорати кун давомида 3-5 даража совуқ бўлди. Кечаси деярли барча жойларда ёғингарчилик тўхтади, совуқ эса кучайган. Тошкент шаҳрида термометр 9 даража совуққача, республиканинг баъзи жойларида 10-13 даража совуққача, шимолда ва чўл зоналарида 15-18 даража совуққача пасайган. Бундай ҳарорат меъёрий қийматлардан (ўртача кўп йиллик) 10-15 даражага кам бўлган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ноябрь ойининг иккинчи ярмида қор ёғиши одатий ҳол эмас. Ёмғирни қорга айланиши ва беқарор қор қоплами шаклланиши ўтган йил ҳам қайд этилган, 2016 йилда эса қор шу кунларда ёғган. Аммо бу даврда бундай паст ҳарорат жуда камдан-кам кузатилади.
Бугун кундузи ҳаво ҳарорати 2-5 даража совуқни ташкил этади.
Ўзбекистон ҳудудларида совуқ об-ҳаво кейинги ҳафтанинг бошигача сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечалари 6-9 даража совуқ, кундуз кунлари 2 даража совуқдан 3 даража илиққача бўлиши кутилмоқда.
LiveБарчаси