Сомон йўлидан 32 баравар катта галактика топилди

Бу қизиқ

image

Астрономлар 3,3 миллион ёруғлик йили узоқлигида бўлган янги космик объект – улкан радио-галактикани аниқлади. У Inkathazo деб номланди – бу зулу ва коса тилларида “муаммо” деган маънони билдиради. Ушбу галактика Жанубий Африкадаги MeerKAT радиотелескопи томонидан кашф қилинган бўлиб, тадқиқот натижалари “Monthly Notices of the Royal Astronomical Society” (MNAS) журналида чоп этилган.

Радио-галактикалар – космик объектлар бўлиб, уларнинг марказида жойлашган улкан қора туйнуклар миллионлаб ёруғлик йилларига чўзилувчи иссиқ плазма оқимларини чиқаради. Бу оқимлар радиочастоталарда кузатилади. Аммо Inkathazo бошқа шундай галактикалардан ажралиб туради: унинг оқимларидан бири тик ёйилиш ўрнига эгилган шаклга эга. Бунинг устига, у галактикалар тўдасининг марказида жойлашган бўлиб, у ердаги газ бундай йирик структуралар шаклланишига қаршилик кўрсатиши керак бўлади.

Тадқиқот муаллифларидан бири – Кейптаун университети магистранти Катлин Чарлтон Inkathazo‘ни тушунтириш қийинлигини таъкидлади.

“Бу галактика бошқа гигант радио-галактикаларга ўхшамайди”, дейди у.

Тадқиқотларга кўра, галактикадан чиқувчи плазма оқимлари галактикалар орасидаги иссиқ газ билан тўқнашганда қўшимча энергия олмоқда. Кейптаун университетидан доктор Кшитиж Торатнинг сўзларига кўра, бу маълумотлар мавжуд моделларни шубҳа остига қўяди ва плазма физикаси тўлиқ тушунилмаганини кўрсатади.

Қайд этилишича, бу каби галактикалар кўпинча Европа телескоплари орқали шимолий ярим шарда кузатилган. Аммо MeerKAT телескопи Жанубий Африкада жойлашган ҳолда кичик ҳудудда учта шундай галактикани аниқлади. Ушбу телескоп келажакда фаолият бошлайдиган Square Kilometer Array (SKA) лойиҳасининг олдинги босқичи ҳисобланади.

“Биз радиоастрономиянинг янги даври остонасидамиз ва келажакда оламнинг янада кўп сирларини очишни ваъда қиламиз”, деди доктор Жасинта Делэйз.

Олимларнинг фикрича, Inkathazo кашфиёти катта космик объектларнинг эволюцияси ва табиати ҳақида чуқурроқ тушунчага эришишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро олимлар гуруҳи Марсда қадимда муздан ҳоли сув ҳавзалари мавжуд бўлганини тасдиқловчи тўлқин изларини аниқлагани хабар қилинганди. Ушбу излар тош жинсларда сақланиб қолган бўлиб, улар тахминан 3,7 миллиард йил аввал Марснинг иқлими сувни юзада суюқ ҳолда сақлаш учун етарли даражада илиқ ва зич бўлган даврда пайдо бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

галактика Сомон йўли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг