Марсда қадимий кўлларнинг излари топилди
Бу қизиқ
−
16 Январь
4467Халқаро олимлар гуруҳи Марсда қадимда муздан ҳоли сув ҳавзалари мавжуд бўлганини тасдиқловчи тўлқин изларини аниқлади. Ушбу излар тош жинсларда сақланиб қолган бўлиб, улар тахминан 3,7 миллиард йил аввал Марснинг иқлими сувни юзада суюқ ҳолда сақлаш учун етарли даражада илиқ ва зич бўлган даврда пайдо бўлган. Бу ҳақда тадқиқот “Science Advances” журналида чоп этилган.
Қайд этилишича, Curiosity ровери Гейл кратерида узунлиги атиги олти миллиметр, бир-биридан тўрт-беш сантиметр масофада жойлашган тўлқинсимон изларни топган. Олимларнинг фикрига кўра, бундай шакллар фақат икки метргача чуқурликдаги саёз сувда шамол ва сув таъсирида пайдо бўлиши мумкин.
“Тўлқинларнинг шакли сув ҳавзалари мавжуд бўлганини ва улар шамолнинг таъсирига учраганини аниқ кўрсатади”, дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифи – Калифорния технология институти олими Клэр Мондро.
Тадқиқотчилар тўлқин изларини икки хил тош қатламларида аниқлаган. Бу эса турли даврларда сув ҳавзалари мавжуд бўлганини кўрсатади. Улардан бири – “Проу” шамол таъсирида шаклланган қумтепалардан ташкил топган. Иккинчиси – “Ампари” икки метргача чуқурликка эга бўлган қадимги кўл мавжудлигини тасдиқлайди.
Олдинлари Марснинг бу даври (3,7 миллиард йил аввал) қуруқ ва совуқ бўлган деб ҳисобланган. Аммо ушбу янги кашфиёт сайёра юзасида суюқ сув тахмин қилинганидан узоқроқ вақт сақланган бўлиши мумкинлигини кўрсатди.
“2004 йилда Opportunity ва Spirit миссияларидан бошлаб Марсда қадимги кўллар мавжудлигини исботловчи далилларни қидириб келмоқдамиз ва ниҳоят улар топилди”, деди тадқиқот раҳбарларидан бири Жон Гротцингер.
Ушбу янги маълумотлар Марснинг ўтмишда суюқ сув мавжуд бўлишига қулай шароитларни сақлаганини кўрсатади. Бу эса сайёранинг яшашга яроқлилигини ўрганиш истиқболларини сезиларли даражада кенгайтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA олимлари Марсда биринчи марта суюқ ҳолдаги сувни топган эди. Сув сайёра юзаси остидаги жуда катта чуқурликдан топилган. Унинг ҳолати жуда сифатли ҳамда суюқ ҳолатда бўлган. Олимлар NASA’нинг Mars Insight Lander зонди томонидан тўпланган маълумотларни таҳлил қилиб, Марс қобиғининг чуқур қисмида суюқ сув пуфакчаси бор деган хулосага келган.
LiveБарчаси