Соғлиқ соҳасига солиқчи бош бўлгани етмаганди. Энди хирург Спортни ривожлантириш вазири бўлди
Таҳлил
−
18 Февраль 2022
23063Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги тугатилиб, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил этилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Азиз Абдуҳакимовни Бош вазирнинг ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири лавозимига, Адҳам Икромовни Спортни ривожлантириш вазири лавозимига тайинлади.
Бундан илгарироқ ушбу икки номзод Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Шу ўринда савол туғилади. Янги тузилган спортни ривожлантириш вазирлиги бошига келган раҳбар ким? Унинг спортдан хабари борми? У спортни ривожлантира оладими?
2017 йилнинг 20 июнидан то бугунгача Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Адҳам Икромов асли мутахассислиги бўйича хирург. У 1968 йилнинг 20 декабрида Тошкентда, геологлар оиласи туғилган.
У 1985-1992 йилларда С.М.Киров номидаги Ҳарбий тиббиёт академиясида (Ленинград) ва Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб, уни имтиёзли диплом билан тамомлаган.
Wikipedia’даги очиқ маълумотларга кўра, Адҳам Икромов меҳнат фаолиятини 1994 йилда Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида жарроҳ сифатида бошлаган. Бироқ у таржимаи холида меҳнат фаолиятини бошлагунга қадар икки йил, яъни 1994 йилгача нима билан шуғуллангани ҳақида маълумотлар келтирилмаган. QALAMPIR.UZ’да мавжуд маълумотларга кўра, у бунгача анестезиолог бўлиб амалиёт ўтаб, тажриба тўплаган.
Кейинчалик у, В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг рентгенология бўлимини бошқарган, шифокор ва бўлим мудирлигидан директор ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтган.
2007 йилда Икромов Президент Ислом Каримов томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига таклиф қилинган ва вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.
2009 йил 25 апрелда Президент Ислом Каримовнинг фармонига асосан Адҳам Икромов Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган.
2012 йил 7 августда Адҳам Икромов Бош вазир ўринбосари бўлди, шунингдек, Соғлиқни сақлаш, таълим ва фан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш комплексига раҳбарлик қила бошлади.
Ўзбекистон Президенти лавозимига киришиши билан Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Адҳам Икромовни Бош вазир ўринбосари – Соғлиқни сақлаш вазири, шунингдек, Бош вазири ўринбосари, Соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт комплекси раҳбари лавозимларига тайинлади.
Шунингдек, Адҳам Икромов 2016 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбари лавозимига тайинланганди.
Адҳам Икромов 2011-2012 йилларда Ўзбекистон Республикасидан ЖССТ Ижроия кенгаши аъзоси бўлган.
Президент фармони билан 2011 йилда “Фидокорона хизматлари учун”, 2018 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган.
Шу ўринда савол туғилади: депутатлар Адҳам Икромовнинг номзодини Спортни ривожлантириш вазири сифатида кўриб чиқаётганда, унинг таржимаи ҳоли билан ҳам танишганми? Танишган бўлса, нималарга асосланиб бутун умрини тиббиёт соҳасида ўтказган шифокорни қандай қилиб спортга бош қилиш мумкин? Эгаллаб турган лавозимига қўшимча равишда қиличбозлик федерациясини ҳам бошқарди дегани, шифокорнинг бутун бошли спортга бошчилик қила олади дегани эмас, ахир.
Қачонгача Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш соҳаси бошига солиқчи, маданиятга қўшиқчи, кинога газетчи ёки Марказий сайлов комиссиясига жарроҳ келади? Бугун бонг ураётганимиз кадрлар билан боғлиқ муаммоларнинг келиб чиқиши, соҳалардаги билимсизликнинг асл сабаби шу эмасми? 2019 йилдан буён МОҚ раиси бўлган Рустам Шоабдураҳмонов ҳам кеча лавозимидан озод этилди. Хўш, асли ҳокимликдан чиққан, спортга умуман алоқаси бўлмаган Шоабдураҳмонов нимани қойил қилди? Саволга елка қисишга мажбурмиз.
Ўқитувчиларга бош бўлган раҳбар ўқитувчининг дардини муаммосини билмаса, шифокорларга раҳбар яхши иқтисодчи бўлгани билан шифокорнинг кунлик ташвиши билан яшамаган бўлса, мавжуд муаммолар ҳал бўлиб, соҳа ривожланадими?
2018 йилда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини тузиб, унинг бошига иқтисодчи Дилмурод Набиевни олиб келиб қўйгандик. Хўш, у нима каромат кўрсатди? Икки ўртада кўп ўтмай вазирлик йўққа чиқди, Туризмга қўшиб юборилди. Энди эса яна ажратиб олинди. Бу сафар иш бошида хирург. Кўрамиз, натижа қандай бўларкин?! Аслида бу шифокор Адҳам Икромовнинг охирги беш йилда Савдо-саноат палатасини бошқаргани қанчалик натижа бергани билан қиёсланадиган вазият.
LiveБарчаси