Соғлиқни сақлаш тизимида бир қанча тайинловлар амалга оширилди
Жамият
−
27 Февраль 2023
12661Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш соҳасида бир нечта тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Хуршид Ҳакимов Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
1988 йилда туғилган Хуршид Ҳакимов Тошкент тиббиёт академиясининг бакалавр босқичини тамомлагач, Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги миллий тиббиёт марказида клиник ординатура ва аспирантура бўйича таҳсил олган.
У 2021 йилда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти минтақавий филиалида Рентгенэндовакуляр хирургия бўлими бошлиғи сифатида иш бошлаган.
Ҳакимов самарали фаолияти учун “Шуҳрат” медали ва “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Шунингдек, Юсуф Мирхонов Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг тиббий ёрдамни ташкиллаштириш бўйича биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
1981 йилда туғилган Юсуф Мирхонов Тошкент тиббиёт академиясида бакалавр ва магистратура бўйича таҳсил олган. Фаолиятини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалида бошлаган Ю.Мирхонов бу ерда врач-хирург, бўлим мудири, директор ўринбосари каби лавозимларда ишлаган.
Тайинловга қадар Мирхонов Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи – кўп тармоқли марказий поликлиника мудири сифатида ишлаб келаётган эди.