Соғлиқни сақлаш соҳасида 1,2 млрд долларлик 5 та лойиҳа амалга оширилади
Жамият
−
28 Февраль 3495 2 дақиқа
Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Европа тараққиёт ва тикланиш банки ҳамда бошқа ҳамкорлар билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасида жами қиймати 1,2 миллиард долларлик 5 та, мактабгача ва мактаб таълими соҳасида 745 миллион долларлик 6 та ҳамда олий таълим соҳасида 100 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширилади. Бу ҳақда бугун, 28 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий соҳада давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини самарали ташкил қилишга оид тақдимот билан танишиш чоғида айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, ушбу топшириққа биноан Тошкент, Фарғона, Бухоро, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида кўп тармоқли замонавий клиникалар қурилади. Ҳудудлардаги марказий шифохоналарда тиббиёт билан боғлиқ бўлмаган хизматлар хусусий секторга ўтказилади.
Шунингдек, маданият ва спорт соҳаларидаги айрим фаолиятларга хусусий секторни жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
“Ҳозирги кунга қадар 43 та маданият маркази хусусий секторга берилган бўлиб, яна қўшимча 127 тасини бериш имконияти аниқланган”, дейилади хабарда.
Қолаверса, шу каби бўш турган бассейн, спорт зали ва майдонларини ҳам янгилаб, соғломлаштириш хизматларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилган. Бунинг учун маданият ва спорт иншоотларини соддалашган тартибда хусусий шерикликка бериш таклифи илгари сурилган.
Давлат раҳбари ижтимоий соҳадаги вазирликлар ҳамда маҳаллий ҳокимликларга тегишли объектлар кесимида “йўл хариталари”ни тасдиқлаб, ижросини таъминлаш, хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича топшириқлар берган.
Live
Барчаси