Содиқ Сафоев Беларусда Навоий бюсти очилишида қатнашди

Жамият 822
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи арафасида Минск шаҳри марказидаги сўлим хиёбонда улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий бюсти очилди.

Ушбу бюст Беларусь Республикасида шарқ адабиётининг буюк даҳосига қуйилган илк ёдгорликдир.

Минск шаҳрида Алишер Навоий бюсти ўрнатилди

Тантанали маросимда икки мамлакат парламенти аъзолари, адабиёт, маданият намояндалари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Хусусан, Ўзбекистон делегацияси аъзолари орасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Озодбек Назарбеков иштирок этган.

Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Кенгаши раиси ўринбосари Марианна Шеткина мазкур тадбир мамлакатлар ўртасидаги янги босқичга чиққан муносабатларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлаган. Ўтган йили Тошкентда атоқли беларусь адиби ва жамоат арбоби Якуб Колас хотирасига ёдгорлик ўрнатилгани қайд этилган. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Навоий фалсафаси халқлар маданияти, тафаккурида беқиёс ўрин тутиши, Президент Мирзиёев ташрифи доирасида ўтаётган мазкур маросим ўзбек ва беларусь халқлари ўртасидаги узоқ асрлик дўстлик ва биродарлик ришталари бугунги кунда янги босқичга кўтарилаётганини ифода этишини қайд этди.

Ўзбекистон Беларусни вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкор, ташқи сиёсатдаги устувор шерик сифатида кўради. Ушбу мамлакат пойтахтида буюк ўзбек шоири ёдгорлигининг очилиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Алишер Навоий бюсти беларуслик ёш ҳайкалтарош Максим Макаревич томонидан ишланган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 5
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×