Собиқ Президентнинг сирли ташрифи: Саакашвили Грузияга қандай кирди?
Олам
−
10 Октябрь 2021
9999“Мтавари архи” телекомпанияси Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвилининг мамлакатга қандай қилиб, кириб келгани ҳақидаги материалларни намойиш қилди.
Таъкидланишича, ҳукумат Саакашвилининг Грузияга қайтганидан хабари бўлмаган. Расмийлар Саакашвилининг ўзи мамлакатнинг Батуми шаҳрида бўлиб тургани акс этган видеолавҳани ижтимоий тармоқларга жойлаганидан сўнг хабар топган. Шундан кейин ҳуқуқ-тартибот органлари қидирувда бўлган собиқ Президентни излашга тушган.
Маълум қилинишича, собиқ Президент ватанига Украинадан йўлга чиққан паромда келган. Тбилиси томон йўл олган Саакашвили йўл-йўлакай Грузиянинг Абаша, Батуми ва Кутаиси каби шаҳарларига кириб ўтган.
Қўшимча қилинишича, паромда сут маҳсулотлари ортилган юк машинаси бўлган. Саакашвили айнан ўша юк автомобилининг шамоллатиш бўлинмасига яшириниб олган ҳолда чегарадан ўтган. Ноқулай бўлса-да, сиёсатчи ўша бўлинмада 48 соат вақт ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Украина фуқароси ҳисобланган Михаил Саакашвили жорий йилнинг сентябрь ойи охирида ватани – Грузияга қайтди ва октябрь ойи бошида ҳибсга олинди. Унга нисбатан ўз ватанида бир неча моддалар билан жиноят иши қўзғатилгани ва қидирувга берилгани сабаб қўлга олинган.
Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат фуқароси ўзга юртда ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан хавотирда эканини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, Михаил Саакашвили 2004-2013 йилларда Грузия Президенти бўлган. Президентлик муддати тугашига оз вақт қолганида у мамлакатни тарк этган. Шундан сўнг, унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, улардан иккитаси бўйича 2018 йилда ҳукм чиқарилган:
- Тбилиси шаҳар суди Саакашвилини 2006 йилда Грузия Бирлашган банки ходими Сандро Гиргвлианининг ўлдирилишида сиртдан уч йилга озодликдан маҳрум қилган;
- ўша йилнинг июнь ойида суд 2005 йилда депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши иши бўйича собиқ Президентни олти йилга озодликдан маҳрум қилган.
LiveБарчаси