Собиқ орган ходимларидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди

Олам

image
0:00
0:00
download

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Қарағанда вилоятида жиноий гуруҳ фаолиятини тўхтатиб, 40 кишини қўлга олди. Бу ҳақда бугун, 6 март куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 5 март куни вазирликнинг Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитасининг бешинчи бўлинмаси ўзаро ҳамкорликда махсус операция ўтказган. Улар узоқ вақт давомида Қарағанда вилоятидаги криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатиб келаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйган.

Бошқарма маълумотларига кўра, жиноий ҳамжамият аъзолари жамоат тартибини бузган ҳолда ўқотар қурол ёрдамида бир неча бор ўзаро жанжал уюштирган. Гуруҳнинг 50 га яқин фаол аъзолари орасида собиқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва хавфсизлик ташкилотлари ходимлари бўлган. Гуруҳ раҳбари ва аъзолари ўртасида ўзига ҳос иерархия шаклланган. Олиб борилган махсус ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур ҳудуддаги йирик саноат объектлари, жумладан, “Arcellor Mittal Temirtau” акциядорлик жамиятида инвентар буюмларни ўғирлашнинг кўп босқичли тизими фош этилган. 

Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан мазкур гуруҳ аъзоларининг бир неча очилмаган оғир ва ўта оғир жиноятларга (товламачилик, баданга оғир шикаст етказиш, одам ўлдириш) алоқадорлиги аниқланган. 

Махсус операция давомида 100 дан ортиқ тинтув ўтказилиб, 9 та ўқотар қурол, 200 га яқин ўқ-дорилар, гранатомёт, тротил, гранаталар, қалбаки ҳужжатлар ва муҳрлар, диний адабиётлар, катта миқдордаги пул маблағлари, кўчар ва кўчмас мулклар аниқланган. Шунингдек, 40 нафар жиноятчи ички ишлар органларига етказилган. Ҳолат юзасидан тезкор-тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг