Собиқ футболчи Украинадаги урушда ҳалок бўлди
Спорт
−
30 Декабрь 2024
13238Россия терма жамоасининг собиқ футболчиси Алексей Бугаев 43 ёшида Украинадаги урушда вафот этди. Бу ҳақда кеча, 29 декабрь куни спорт ҳуқуқшуноси Антон Смирновга таяниб, “Sports.ru” хабар берди.
Москванинг “Торпедо” клуби тарбияланувчиси Алексей Бугаев Москванинг “Локомотив”, “Том” ва “Краснодар” клубларида ҳам тўп сурган. 2003-2005 йилларда у Россия терма жамоаси учун еттита ўйин ўтказган, шу жумладан 2004 йилги Европа чемпионатида иккита ўйинда қатнашган. Бугаев 2010 йилда 29 ёшида спортни тарк этган. У катта футболни тарк этишига оилавий шароитини сабаб қилиб кўрсатган.
2023 йилнинг октябрь ойида Алексей Бугаев умумий оғирлиги салкам 500 грамм бўлган метилэфедрон билан қўлга олинган эди. 2024 йилнинг сентябрь ойида у гиёҳванд моддаларни сотишга уринишда айбланиб, 9,5 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган. Унинг адвокати полиция далилларни сохталаштирганини таъкидлаганди, аммо судда собиқ футболчи ўз айбига иқрор бўлган ва тавба қилганини айтганди.
Ҳукм эълон қилингандан сўнг, Бугаевнинг адвокати Константин Жеребцов собиқ футболчи Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, фронтга кетиш ниятида эканини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марокаш терма жамоаси ва Франциянинг “Марсель” клубининг собиқ ярим ҳимоячиси Абделазиз Баррада юрак хуружи туфайли 35 ёшида вафот этганди.
LiveБарчаси