Собиқ футбол юлдузи президентлик сайловида ютқазди

Олам

image

Либерия раҳбари Жорж Веа 14 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида мағлубиятга учради. Сайловда 78 ёшли Жозеф Боакаи ғалаба қозонди. Бу ҳақда CNN хабар берди

“Унинг демократик ғалабаси минтақада сўнгги ойларда содир бўлган тўнтаришларга зид келади”, деб ёзади нашр.

2017 йилда Либерия Президенти этиб сайланган собиқ жаҳон футболи юлдузи Жорж Веа эса жамоат радиосидаги чиқишида мағлубият вақти келганини айтди. 

Кеча, 17 ноябрь куни Либерия сайлов комиссияси эълон қилган натижаларга кўра, сайлов участкаларининг 99 фоиздан ортиғида Жозеф Боакайга 50,89 фоиз ва Жорж Веага 49,11 фоиз овоз берилган. 1,6 миллионга яқин бюллетенлар ҳисоблаб чиқилганидан сўнг Жозеф Боакаи 28 мингдан сал кўпроқ овоз тўплаган. 

Боакаи беш миллионга яқин аҳолиси бўлган инглиз тилида сўзлашувчи, дунёдаги энг камбағал мамлакатни олти йил давомида бошқаради. У 2006 йилдан 2018 йилгача Африкада давлат раҳбари этиб сайланган биринчи аёл Эллен Жонсон Серлиф қўл остида вице-президент бўлиб ишлаган. У давлат ва хусусий секторда кўплаб лавозимларда фаолият юритган. Ёши катталигига қарамай, у ўзидан 21 ёш кичик ва ёшлар орасида ниҳоятда машҳур бўлиб қолган Веани мағлуб этди.

Жозеф Боакаи

Мухолифат дунёга машҳур собиқ футболчини қашшоқлик ва коррупцияга қарши кураш бўйича берган ваъдаларини бажармаганликда айблаган эди. 

Жорж Веа

Иккала сиёсатчи ҳам 43 фоиздан сал кўпроқ овоз олгандан сўнг иккинчи турга йўл олди. Боакаи биринчи турда атиги 7126 овоз билан Жорж Веани ортда қолдирди. Сайловлар 2003 йилда ташкил этилган ва фуқаролар урушларидан кейин тинчликни таъминлаш мақсадида 2018 йилда мамлакатни тарк этган БМТнинг Либерияда миссияси иштирокисиз ўтказилган биринчи сайлов бўлди.

Либериянинг хорижий ҳамкорлари зўравонликка олиб келиши ёки сайлов жараёнига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга қарши бир қатор огоҳлантиришлар берди. Сайловларни кўплаб хорижий ва либериялик кузатувчилар кузатиб борди. Европа Иттифоқи ва Ғарбий Африка давлатлари ҳамжамиятининг миссиялари иккинчи босқичнинг тинч йўл билан ўтказилишини олқишлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Африка Либерия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг