Собиқ амалдор $324 миллионлик коррупция иши бўйича ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
19:03 492 2 дақиқа
Бугун, 6 июль куни Хитой суди мамлакат шарқидаги Нанкин шаҳри собиқ юқори лавозимли амалдори Ян Юлинни коррупция, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятлар бўйича айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Цзянсу вилоятининг Чанчжоу ўрта халқ суди маълумотига кўра, Ян Юлин 1993–2023 йиллар давомида турли давлат лавозимларида ишлаган вақтида 2,2 миллиард юандан (324 миллион АҚШ доллари) ортиқ маблағ ва мулкни ноқонуний равишда қабул қилган.
Қайд этилишича, Хитой Раиси Си Цзиньпин бошлаган кўп йиллик коррупцияга қарши кампания давомида мамлакатдаги миллионлаб амалдорлар текширувдан ўтказилган. Бироқ бу ишларнинг аксарияти интизомий жазо билан якунланарди. Судгача етиб борган коррупция ишларида ўлим жазоси тайинланиши ва унинг ижро этилиши эса сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт ичида жуда кам учрайди. Катта миқдорда пора олган амалдорларга кўпинча умрбод қамоқ жазосига алмаштирилиши мумкин бўлган шартли ўлим жазоси берилади.
Суд баёнотида қайд этилишича, Ян Юлин катта миқдорда пора олган, жиноий ҳолатлар ўта оғир бўлган ва жамиятга салбий таъсир кўрсатган.
“Ян Юлин судда сўнгги сўзини айтиб, айбини тан олди ва қилмишидан пушаймонлигини билдирди”, дейилади суд баёнотида.
Сўнгги йиллардаги маълум коррупция ишларида ўлим жазоси, асосан, пора миқдори 1 миллиард юандан (147 миллион доллар) ошган ҳолларда қўлланган. 2024 йилда Ички Мўғулистон ҳудудидаги амалдор Ли Цзяньпин 3 миллиард юандан ортиқ маблағ билан боғлиқ коррупция ишида айбдор деб топилиб, қатл этилган.
Яна бир йирик ишда эса Шаньси вилояти собиқ амалдори Чжан Чжуншэн 2018 йилда 1 миллиард юандан ортиқ пора олгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган, аммо 2021 йилда апелляция натижасида бу жазо шартли ўлим жазоси ва умрбод қамоқ билан алмаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда Олий ҳарбий суд собиқ мудофаа вазирлари Вэй Фэнхэ ва Ли Шанфуларни 2 йиллик синов муддати билан шартли ўлим жазосига ҳукм қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси