Собиқ ҳоким 43 нафар талабанинг ўлимида гумонланиб қўлга олинди
Олам
−
10:07 5659 3 дақиқа
Мексиканинг жанубидаги Герреро штати собиқ губернатори Анхел Агирре 2014 йилда бедарак йўқолган 43 нафар талабанинг тақдирига ойдинлик киритиши мумкин бўлган далилларни йўқ қилишни буюрганликда гумон қилиниб қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокурори Эрнестина Годой маълум қилди.
Бош прокурорнинг айтишича, Анхел Агирре одил судловга тўсқинлик қилиш ва мажбурий йўқолиш жиноятларида айбланмоқда. У эса аввалроқ ўзига қўйилган айбловларни рад этган эди.
Бу иш Мексика тарихидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг оғир фожиалардан бири ҳисобланади. Тергов жараёнидаги хатолар ва аралашувлар туфайли иш йиллар давомида баҳсларга сабаб бўлиб келган.
Халқаро текширувлар хулосасига кўра, Айотсинапа қишлоқ ўқитувчилар коллежи талабалари Мехико шаҳридаги намойишга кетаётган вақтда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳамда полиция ходимлари тил бириктириб уларни ўлдирган. Ҳозиргача 3 нафар талабанинг жасади расман аниқланган, қолганларининг тақдири эса ҳамон номаълум.
Эрнестина Годойнинг маълум қилишича, жорий йилнинг январь ва май ойларида 2 нафар шахснинг, жумладан ҳимоя остидаги бир гувоҳнинг кўрсатмалари Анхел Агирре талабалар йўқолган тунга оид далилларни йўқ қилиш бўйича маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорлари билан йиғилиш ўтказган бўлиши мумкинлигини кўрсатган. У йиғилиш қачон бўлиб ўтгани ёки қайси далиллар йўқ қилинганига аниқлик киритмаган.
“Янги далиллар таҳлили ва қонуний тартиб-таомилларга мувофиқ ўтказилган текширув Анхел “N”, Герреро штати собиқ губернатори, талабаларнинг қаердалигини аниқлашга ёрдам бериши мумкин бўлган далилларни йўқ қилишда иштирок этган бўлиши мумкинлигини тасдиқлади”, деган Годой.
Мексика қонунчилигига кўра, бу ўринда гумонланувчининг фамилияси тўлиқ ошкор этилмагани учун “N” ҳарфи қўлланилган. Годойнинг сўзларига кўра, штат ҳокимияти аввалроқ талабалар ҳукумат бинолари яқинидан автобусларда ўтаётганини тасвирга олган кузатув камералари ёзувлари мавжуд эмаслигини билдирган.
Бироқ, аввал таҳдидлар туфайли сукут сақлаган гувоҳ жорий йилда тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Мазкур ишни текширган Мустақил экспертлар халқаро фанлараро гуруҳи аъзоси Анхела Буитраго уларнинг жамоаси Анхел Агиррега оид тергов йўналишини 2015 йилдаёқ очганини айтган.
Унинг таъкидлашича, янги маълумотлар давлат ушбу жиноят учун масъул экани ҳақидаги аввалги хулосаларни янада мустаҳкамлайди. Агар Агирре йўқ қилишни буюргани айтилган видеотасвирлар эртароқ маълум бўлганида, талабаларни топиш имконияти юқорироқ бўлиши мумкин эди.
“Бу давлат жиноятидир, уни штат ёки федерал ҳокимият вакиллари содир этганидан қатъи назар”, деган Буитраго.
Қайд этилишича, 2012–2018 йилларда Мексика президенти бўлган Энрике Пенья Ньетонинг матбуот котиби изоҳ бериш ҳақидаги сўровга ҳозирча жавоб бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг собиқ маслаҳатчиси Жонибек Қувондиқов хорижий инвесторларга нисбатан йирик миқдордаги фирибгарлик содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.
Live
Барчаси