Skype таназзулга учради. Дастур 5 май куни бутунлай ёпилади

Технология

image

3 кундан сўнг, 5 майдан бошлаб Skype фаолияти расман тўхтатилади. Бу ҳақда Microsoft матбуот хизмати хабар берди.

Компания фойдаланувчиларга аккаунт ва унга боғланган маълумотларни йўқотмаслик учун муқобил вариантни таклиф қилмоқда – барча керакли маълумотларни Microsoft Teams платформасига экспорт қилиш мумкин.

Microsoft’нинг таъкидлашича, Skype’даги асосий функциялар – қўнғироқлар, хабарлар алмашиш, файллар юбориш Teams’да ҳам тўлиқ мавжуд. Бунга қўшимча равишда Teams фойдаланувчиларга календарь, қизиқишлар бўйича гуруҳлар, видеоучрашувлар ва бошқа корпоратив воситаларни ҳам таклиф этади.

Skype’нинг таназзулига бир неча омиллар сабаб бўлган. Хусусан, мобил технологиялар даврида техник янгиланишлардан орқада қолиш, шунингдек Zoom, Discord, WhatsApp ва ҳатто Microsoft Teams каби рақобатчиларнинг жадал ўсиши. Айнан Teams ҳозирда корпоратив алоқалар бозорида етакчилик қилмоқда.

Маълумот учун, Skype хизмати 2003 йилда иш бошлаган ва бу ўз даврида интернетда ҳақиқий инқилобга айланган эди – фойдаланувчилар ҳатто хорижга ҳам бепул видеоқўнғироқлар амалга ошира оладиган бўлди.

2011 йил 10 майида Microsoft Skype’ни 8.5 миллиард долларга сотиб олди. Шундан сўнг у компаниянинг бошқа иккита ўхшаш хизматлари – Skype for Business ва Microsoft Teams билан ёнма-ён мавжуд бўлиб келди. Бироқ вақт ўтиши билан Microsoft Teams асосий платформага айлана бошлади ва Skype’нинг роли тобора камайди.

Қайд этиш жоиз, Microsoft 2023 йил декабрдан бошлаб Skype кредитларини сотишни тўхтатган, илованинг сўнгги янгиланиши эса 2024 йил май ойида чиққан эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Microsoft Skype

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг