Скофилд режалари энди керак эмас. АҚШда маҳбуслар озод қилинади
Олам
−
23 Март 2020
9040АҚШ қамоқхоналарида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида маҳаллий маъмурлар минглаб маҳбусларни озод қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 22 март куни "Wall Street Journal" нашри хабар қилди.
Калифорния, Техас ва яна ўнта штатлардаги қамоқхоналар кичик қонунбузарликларни содир этган, шунингдек, кекса ёки касал маҳбусларни коронавирус сабабли озод қиладилар. Бошқа маҳбусларни карантин шароитида сақлаш кўзда тутилган.
"Биз қамоқхона эшикларни ланг очмаймиз. Маҳбусларни эркин кетишига йўл қўймаймиз. Биз ҳозирча хавфли бўлмаган жиноятчиларни аниқлаяпмиз. Шунингдек, касаллик тарқалиш хавфи юқори бўлган қамоқхоналар ишини қайта кўриб чиқяпмиз", дейди Огаё штатининг судьяси Брендан Шиҳан.
Америкадаги кўплаб қамоқхоналарда қўл бериб саломлашиш тақиқланган, маҳбусларнинг ҳаракати чекланган. Ходимлар эса қаттиқ назоратга олинган. Шунга қарамай, Пенсильвания, Мичиган, Нью-Йорк, Вашингтон ва Колумбия округидаги қамоқхона ходимларида коронавирус аниқлангани айтилмоқда. Хабар қилинишича, Нью-Йоркда 30 дан ортиқ маҳбуслар ушбу касалликни юқтириб олишган.
Жонс Хопкинс университетининг маълум қилишича, АҚШда тасдиқланган коронавирус ҳолатлари сони 34 901 тага етган. 457 киши ушбу касаллик сабаб вафот этган. Ҳозирда АҚШ касалланганлар сони бўйича Хитой ва Италиядан кейин учинчи ўринда турибди.
LiveБарчаси