Сизга бу Лас Вегас эмас! Карантинда қимор ўйинларини ташкил этганлар қўлга олинди
Жамият
−
23 Апрель 2020
7949Жиззах вилояти, Фориш туманида бир гуруҳ фуқаролар карантин қоидаларини бузиб, қонунга хилоф равишда қимор ўйинларини ташкил этган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Фориш туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Қизилқум маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолати аниқланган.
“Қизилқум” маҳалласида истиқомат қилувчи Т.Ф. яшаш уйига 6 нафар маҳалладошини йиғиб, қимор ўйинларини ташқил қилган. Фориш туман ИИБ ходимлари томонидан воқеа жойида далилий ашё сифатида 7 дона ўйин қартаси, 906 минг сўм пуллар ҳужжатлаштириб олинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида фуқаролар тўпланишига сабаб бўладиган тадбирларни уюштириш вақтинча тақиқланган. Бу дегани қонунбузарлар ноқонуний қимор ўйинларини ташкил этишдан ташқари, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш бўйича ҳам жавобгарликка тортилади.
LiveБарчаси