Сиз ўлимни ҳамма ерда кўрасиз – Трамп карантинга амал қилмаётган америкаликлардан ранжиди
Олам
−
01 Апрель 2020
8491АҚШ ҳукуматининг коронавирусга қарши қўллаётган чораларига қарамай, мамлакатда ушбу касаллик туфайли 100 мингдан 240 минггача одам ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Агар мамлакатда коронавирусга етарлича эътибор берилмаса ва жиддий чоралар кўрилмаса, қурбонлар сони 2,2 миллионга етиши айтилмоқда. Бу ҳақда кеча, 31 март куни Оқ уй ҳузуридаги Вирусларга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ олимлари маълум қилди.
Оқ уйда бўлиб ўтган ҳукумат ва тиббиёт соҳасидаги энг сара олимлар йиғилишида коронавируснинг мамлакатга бўлган хавфи ҳақида гапирилди. Йиғилишда АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат аҳолиси карантин қоидаларига жиддий амал қилмаётганидан ранжиётганини айтди.
“Агар карантин қоидаларига жиддий амал қилмасангиз самолётларда, меҳмонхоналарда ва кўчаларда ўлаётган одамларни кўришни бошлайсиз. Сиз ўлимни ҳамма ерда кўрасиз”, деди Трамп.
Шунингдек, Президент, одамлар ушбу вирусни қанчалик юқимли эканлигини билмасликларидан хавотирда эканлигини маълум қилди. Агар мамлакатда кўрилаётган чораларнинг ҳеч бири ишламаса ҳалок бўлганлар даҳшатли даражада кўп бўлишини таъкидланди.
"Бу вирус ҳақида кўпчилик билмаган нарса унинг ўта юқумли эканлигидир. Биз ҳеч нарса қилмасак нима бўлар эди? Агар одамлар доимгидек ҳаётларини давом эттирганида 2,2 миллион одам ушбу вирусни қурбонига айланарди", деди АҚШ Президенти.
Маълумот учун, АҚШ коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Ҳозиргача мамлакатда 189 753 та коронавирус ҳолати аниқланган. Касалланганларнинг 4 090 нафари вафот этган, 7 141 нафари эса соғайган.
LiveБарчаси