Сиз ташлаган чиқинди кимнидир бой қилади
Жамият
−
20 Июль 2023
6080Сўнги маълумотларга кўра, ер юзида ҳар куни ўртача 12 миллион тоннага яқин чиқинди ҳосил бўлади. Дунёда аҳоли сони ҳар йили 1,5-2 фоизга, ишлаб чиқарилаётган чиқинди миқдори эса 6 фоизга ортиб бормоқда. Албатта, бу катта кўрсаткич. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда дунё бўйлаб бу борада турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шулардан бири бу чиқинди қайта самарали ишлаб чиқариш техникасидир. Бу жараён қандай амалга оширилади? Унинг экологияга тасири қандай даражада? Бугун худди шундай саволлар билан соҳа вакилларига мурожаат қилиб, имкон қадар улардан жавоб олдик.
Хонадонлардан чиқаётган чиқиндилар дастлаб маҳаллалардаги чиқиндихоналарда йиғилади. Махсус машиналар уларни тўплайди ҳамда қайта юклаш станцияларига олиб боради. Пойтахт Тошкентда учта қайта юклаш станцияси бўлиб, улар Юнусобод, Яккасарой ҳамда Яшнобод туманларида жойлашган. Тошкент шаҳар “Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исмоил Саъдуллаевнинг сўзларига кўра, биргина Тошкент шаҳрида кунига 2400 тоннагача чиқинди ҳосил бўлади. Пойтахтдаги чиқиндиларни йиғиш учун ҳар куни 260 та махсус машина хизмат қилади.
“Махсус машиналар эрталаб соат олтидан кечки соат олти-еттигача ишлашади. Бундан ташқари, навбатчи экипажлар ташкил этилган бўлиб, ҳар бир туманга икки-учтадан навбатчилар қолади. Бунга асосий сабаб аҳоли томонидан белгиланмаган жойларга ташлаб кетилган чиқиндиларни йиғишдир. Тошкент шаҳрининг ўзида мингдан ортиқ чиқинди ташлаш марказилари жойлаштирган бўлса, уларнинг ҳар бирида қоғоз учун, бошқа чиқидилар учун алоҳида-алоҳида қилинган. Бундан ташқари, қурилиш чиқиндилари учун алоҳида техникалар мавжуд. Бу ерда йиғилган чиқиндилар махсус техникалар ёрдамида зичланади. Махсус контейнерларга жойланиб, катта полигонларга жўнатилади”, дейди Исмоил Саъдуллаев.
Станцияларга келтирилган чиқиндилар контейнерларга зичлаб жойлаштирилади ва охирги манзил бўлган махсус полигонларга олиб борилади. Полигонда эса чиқинди тўкилади, техникалар орқали текислаб, ёйиб чиқилади. Устидан тупроқ билан ёпиб, рекультивация қилинади. Мисол учун, Тошкент шаҳридаги чиқиндилар Оҳангарон туманида жойлашган полигонга элтиб ташланди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бош мутахассиси Умар Абдуллаевнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистода 160 та маиший чиқинди полигони мавжуд бўлиб, аввал бўлган 243 та полигондан 47 таси тўлгани сабабли ёпилган.
“Бутун республика бўйлаб 2020 йилда 780 минг тонна, 2021 йилда 560 минг тоннага яқин қаттиқ маиший чиқиндилар ҳосил бўлган. Ҳозирги кунда яна 8 та полигонни ёпиб, ҳокимият захирасига ўтказишга тайёрлаб қўйилган. Яна 25 таси ёпишга тайёрланмоқда. Президент 2022 йилнинг февралида ҳудудлар раҳбарларига ресурсини ўтаб бўлган маиший чиқинди полигонларини жами 165 гектар майдондаги 24 тасини 1 майга қадар кўмиш чораларини кўришни топширганди. Хусусан, Президент фармони билан 3 та чиқиндиларни қайта юклаш станциялари барпо этилиши, 103 та чиқинди йиғиш шохобчалари қурилиши ва 558 та чиқинди контейнерлари ўрнатилиши режалаштирилган”, дейди Умар Абдуллаев.
Тошкент шаҳар “Махсустранс” ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исмоил Саъдуллаевнинг таъкидлашича, Давлат томонидан ажратилган 69 млн АҚШ долларлик имтиёзли кредит ажратилган бўлиб, унга асосан янги техникалар харид қилинган. Унга кўра, 18 мингдан ортиқ чиқинди ташлаш қутилари харид қилинган. Шунингдек, маблағдан 15 млн АҚШ долларига 2023 йилнинг охирига қадар янги полигон қуриб битказилиши кутилмоқда. Махсус иншоотда чиқиндиларни қайта ишлаш ва саралаш жараёни олиб борилади ҳамда у ердан халқ учун электр энергияси ишлаб чиқарилади.
“2023 йилнинг охирига қадар бу полигон Тошкент вилояти Оҳангарон туманида қуриб битказилади. Бу жараёнда чиқаётган чиқиндиларнинг ҳаммаси ажратиб чиқилади ва 2 метр чиқинди ярим метр тупроқ билан кўмилади. Бу жараёнда утилизация қилиниб, 3-4 йилдан кейин ўзини фойдасини беради. Бу ердаги чиқиндидан чиқаётган газлардан электр энергияси олинади. Бу нарса Жанубий Кореянинг компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Бу халқ учун фойда”, дейди у.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳудудида қалинлиги 100 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш тақиқланади. Ушбу тартиб экспорт учун ишлаб чиқариладиган, тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган, хўжаликда фойдаланиш учун рулонларда сотиладиган полимер плёнкали пакетлар, шунингдек, биологик чирийдиган полимер материаллардан тайёрланган пакетларга татбиқ этилмайди. Мазкур кичик банд талабларини бузиш табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатиши оқибатларини бартараф этиш чораларини кўрмаганлик сифатида баҳоланади ҳамда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь