Сиёсий шоу: Хавотирга тушган Зеленский, Лукашенкони кўндиролмаган Путин, парламентга қўл силтаган Кушербоев, дунёга “тупурган” “Толибон”
Таҳлил
−
24 Декабрь 2022
17655Халқда “Онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан?” деган жуда пурмаъно нақл бор. Бугун бу нақлнинг мағзини янада қаттиқроқ, кучлироқ чақаётгандекмиз. Айниқса, мамлакатнинг Тошкент вилояти 95-Чиноз сайлов округидагилар айнан шу ҳафта ўзлари сайлаган депутат Расул Кушербоев бирдан Қонунчилик палатасидаги фаолиятини тугатиш қарорини эълон қилганда, мен юқорида айтган нақлни бир хаёлдан ўтказиб қўйган бўлса, ажабмас.
Мирзиёевнинг бешинчи Мурожаатномаси
Жорий ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарига Мурожаатнома йўллади. Бу Мирзиёев Президентлик лавозимига келгандан кейин йўлланган бешинчи мурожаат бўлди. Кўпчилигингиз оммавий ахборот воситалари, хусусан телевидение орқали Мурожаатномани кўрган бўлишингиз аниқ. Унда давлат раҳбари таълимдан тортиб соғлиқни сақлашгача, тадбиркорликдан тортиб солиқ сиёсатигача, қўйингки, барча соҳалар бўйича келгуси йилда амалга оширилиши керак бўлган вазифалар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, давлат раҳбари кириб келаётган 2023 йил номини ҳам эълон қилиб, янги йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб ном берди.
Мурожаатномада берилган кўплаб месежлар орасида кўпчиликнинг эътиборини тортгани айнан вазирлик ва идораларнинг ҳозирги 61 тадан 28 тага камайтирилиши бўлди ва одамлар орасида “Қайси вазирлик ёпиларкин?” деган шивир-шивирлар ҳам бошланди. Айримлар эса ўтган олти йил давомида вазирлик ва идоралар сони обдон оширилиб, энди ёппасига қисқартилишига ҳайрат билдирди. Президент бунинг сабабини шундай изоҳлади.
Президент вазирликлар сони билан боғлиқ янгиликни узоқ куттиргани йўқ. 23 декабрь куни имзолаган “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқарди. Бош вазирнинг ўринбосарлари 8 тадан 4 тага камайди.
Шунингдек, Президент бундан буён халқни рози қилолган вазирларгина ишида қолишини айтди. Қизиқ, бизда бундай вазирлар нечта чиқаркин? Уни қўя туринга, одамлар уларни танийдими?
Парламентга қўл силтаган Кушербоев
Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бу ҳафта диққат марказида турди. Фақат “скандал”лар сабаб. Қонунчилик палатасининг энг кўзга кўринган депутати ЎзЛиДеП фракциясидан Расул Кушербоев Президент Мурожаатнома йўллаганидан уч кун ўтар-ўтмас депутатликдан кетаётганини эълон қилди. У кўпчиликни шокка туширган ушбу қарорни қабул қилаётганида QALAMPIR.UZ мухбири Ҳулкар Муртазоева ундан 19 декабрь куни бўлиб ўтган парламент мажлиси ҳақида интервью олиш учун Олий Мажлисга борган эди. Журналистга аввалгидек кўзларидан ўт чақнаб турган эмас, тушкун ва толиққан, кайфиятсиз Кушербоев қарши чиққан. Депутат интервью бераётганида унга қўнғироқ бўлган ва нега интервью бераётгани сўралган. Сўроқ-саволлардан қизишган Кушербоев асли кўтарилган мавзу қолиб, QALAMPIR.UZ журналистига депутатликдан кетмоқчи эканини айтган.
Масалага бошқа тарафдан қарасак, айнан давлат раҳбари ўз мурожаатида депутатларга юзланиб, мамлакатда қонунларнинг ижросини назорат қилиш, Коррупцияга қарши курашиш бўйича масъулиятни ошириш, вазирлик ва идоралар, маҳаллий бошқарув органларини саволга тутиш, ҳар бир депутат ўзига бириктирилган ҳудудларга бориб, соҳалардаги вазиятни текшириши кераклигини айтганди.
Кушербоевнинг депутатлик мандатини ташлаш қарори эса кўп жиҳатдан жорий йилнинг 19 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни муҳокамаси билан боғлиқ. Қонун лойиҳаси депутатларда кўплаб саволларни уйғотди. Хусусан, депутат Дониёр Ғаниев ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ўртасида жанжал чиқди. Ғаниев UzAutoMotors'га автомобиль экспорт қилинган мамлакатлардаги тарифлар бўйича ҳисобланган утилизация йиғимларини қоплаб бериш учун қўшимча 225 млрд сўм ажратилаётганига эътироз билдирганди.
Айнан ушбу мажлисда Расул Кушербоев ҳам 2023 йилга мўлжалланган бюджет бўйича ўз фикрларини билдирмоқчи бўлиб, мажлисга раислик қилаётган спикер ўринбосари Улуғбек Иноятовдан сўз сўраган. Ҳатто, баланд овозда ҳам гапиришга мажбур бўлган. Аммо жаноб Иноятов Кушербоевга сўз беришни лозим деб топмаган. Қонун лойиҳаси ўша куни қабул қилинмаган.
22 декабрь куни “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни муҳокамаси давом этди. Унда депутатлар Дониёр Ғаниев ва Расул Кушербоев иштирок этмади.
Расул Кушербоев ўзининг депутатликдан воз кечаётганини парламентга бўлаётган муносабатлар билан изоҳлашга урингану лекин гап айнан қайси муносабат, кимнинг муносабати ҳақида кетаётганини очиқ айтмаган.
Кушербоев ортидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг ЎзЛиДеП партиясидан депутати Нуриддин Зайнитдинов ҳам депутатликдан кетаётганини эълон қилди.
“Гапирма! Индама! Аралашма! Қачонгача бундан гапларни эшитамиз?! Депутатнинг гапиришдан бошқа нимаси қолмоқда? Энди шунгаям йўл берилмаса...”, деган у ўзининг кетишини изоҳларкан.
У депутат Расул Кушербоев билан бўлган ҳолатни қоралашини айтган-у лекин гап қайси ҳолат ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган. Хўш, икки депутатни қийнаётган, тилга олинмаётган ҳолат нима ўзи?
Очиғи, депутат Дониёр Ғаниев 19 декабрь куни Олий Мажлисда ўтган шунча тортишувлардан кейин 21 декабрь куни ўтказилган йиғилишда иштирок этмагани бизда кўплаб саволларни уйғотди. Қани Ғаниев? У нега йўқ? Тўғриси бу саволлар демак Ғаниев ҳам депутатликдан кетаркан, деган шубҳаларни пайдо қилди. Йўқ, Ғаниев кетмади, аксинча, Кушербоев тутган йўлда уни қўллаб-қувватламаслигини айтиб чиқди.
Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бошқа аъзолари, спикер Нурдинжон Исмоилов, Қўмита раислари, спикер ўринбосарлари, Кушербоевга сўз бермаган Иноятов ва ЎзЛиДеП раиси Актам Хаитов ҳам чуқур сукутда. Парламентдан Кушербоевнинг кетишига ва у қўйган масалаларга нисбатан муносабат бўлаётгани йўқ.
Бизга оид маълумотларга кўра, Кушербоев депутатликдан кетиш бўйича ҳали Олий Мажлисга ариза билан мурожаат қилмаган. Дониёр Ғаниев эса кўплар қатори унинг сайловчилари фикрига қулоқ солиб, яна ўйлаб кўриш ва қарорини ўзгартиши тарафдори.
Путин ва Лукашенко иштирокидаги шоу
19 декабрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 2019 йилдан бери илк бор Беларусга борди. Беларусь ҳукмдори Александр Лукашенко Путиннинг ташрифини икки давлат ҳукуматлари томонидан бир қатор масалаларни давлат раҳбарлари иштирокисиз ҳал қилишнинг имкони йўқлиги билан изоҳлади.
Лукашенконинг фикрича, Беларусь ўз суверенитетини фақат Россия ёрдамида ҳимоя қила олади.
“Тўғрисини айтайлик, мустақиллигимиз ва суверенитетимизни Россиясиз бир ўзимиз ҳимоя қила оламизми? Мумкин эмас. Ва қийин пайтларда у рад этмади. Бугун улар: “Путин келди, бу ерда кимнидир қўрқитяпти”, деб бақиради. Аммо учрашиш учун маҳаллий фуқародек, Беларусга яқин одам сифатида келди”, дейди Лукашенко.
Унинг айтишича, Ғарб Беларусни мустақиллик ва суверенитетдан маҳрум қилишга уринди ва шундай вазиятда Москва Минскка ёрдам қўлини чўзди. Ғарб Беларусь-Россия муносабатларини бузолмайди, у фақат мустаҳкамланади. Улар орасида бугунги кунда ҳал қилиб бўлмайдиган бирорта ҳам муаммо йўқ.
Шунингдек, Владимир Путин ҳам Россия Беларусни ташқаридан туриб бошқармоқчилиги, ўзиники қилиб олмоқчилиги ҳақидаги гапларни рад этди.
Музокаралар якунларида Москва ва Минск қўшма машғулотлар ва бошқа тезкор-жанговар тайёргарлик тадбирларини ўтказиш амалиётини давом эттириши маълум қилинди.
Америка урушни ўрганиш институти эса Путин Лукашенкони Украина билан уруш бошлашга ишонтира олмагани сезилганини ёзди. Аммо институт экспертлари ҳали ҳам Беларусь Украинага қарши Россия урушида иштирок этиши эҳтимолдан йироқ эмас, деб ҳисобламоқда.
Путин кетганидан уч кун ўтар-ўтмас Александр Лукашенко мамлакат ички масалаларига бағишланган навбатдаги йиғилишда қўшни давлатлардан Беларусга қарши тажовуз уюштирилиши мумкинлиги ҳақида гап очди.
Киев эса Путин ва Лукашенко учрашувини Москва ва Минск иштирокидаги навбатдаги шоу деб баҳолади.
Зеленскийнинг АҚШга ташрифи хавотир ифодасими?
Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг Украинага нисбатан Қуролли ҳужуми бошланганининг 300-кунида, уруш бошлангандан буён илк хорижий сафарга чиқди ва АҚШга борди. Кейжл услубида, протоколга ҳос бўлмаган тарзда кийинган Зеленскийни Оқ уй остонасида Президент Жо Байден доимгидек кастюм-шим ва бўйинбоғда рафиқаси Жилл Байден ҳамроҳлигида кутиб олди.
Икки давлат раҳбарлари тор ва кенгайтирилган доираларда учрашувлар ўтказган.
АҚШ раҳбари Украина халқининг ўз келажагини ҳимоя қилишда кўрсатган жасорати ва қатъиятини эътироф этган. Қўшма Штатлар Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини, шу жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа билан таъминлашда давом этишини билдирган.
Владимир Зеленский учрашувда Украина тинчлик формуласини амалга ошириш, Россияга нисбатан санкциялар босимини кучайтириш, шунингдек, компенсация механизми ва махсус трибунал яратиш мавзуларини кўтарган.
Зеленский музокаралар билан чеклангани йўқ. Шу куннинг ўзида у Конгрессга бориб, Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси билан учрашди ва Конгрессда нутқ сўзлади. Унинг қайд этишича, Украина жанг майдонида аллақачон Россия устидан ғалаба қозонган ва украиналик дўстлари, ҳамкорлари, биринчи навбатда, АҚШнинг катта қўллаб-қувватлашини инобатга олган ҳолда, буни давом эттиради.
Якунда Президент Украина миллий байроғини – Бахмутни ҳимоя қилган украиналик жангчилар совғасини топширди.
Зеленскийнинг АҚШга ташрифи аллақачон акс-садо беришни бошлади. “Blomberg”га кўра, унинг Қўшма Штатларга сафари Киевнинг келажакда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишидан хавотирга тушганидан далолат беради.
Мақолада ёзилишича, АҚШнинг Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратиши, қўллаб-қувватлаш абадий давом этади, дегани эмас.
Қозоғистон Росcиянинг Украинага босқинини қўллади
Қозоғистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Россиядан Украинага қарши тажовузкорлигини тўхтатиш ва ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилувчи резолюциясига қарши овоз берди.
Қайд этилишича, аннексия қилинган Қримда инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича янгиланган резолюция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 15 декабрь куни кўриб чиқилган. Ҳужжатнинг қабул қилинишини 82 давлат ёқлаган, 80 давлат бетараф қолган ва 14 давлат қарши овоз берган.
Қаршилар орасида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Эрон, Шимолий Корея, Сурия ва бошқалар бор. Остона буни "махсус ҳарбий операция" ниқоби остида Украинага нисбатан босқин бошланганидан бери биринчи марта амалга оширган.
Бош Ассамблея Россиянинг Қримдан Украинага қарши агрессия мақсадида фойдаланиш ҳаракатларини ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини ноқонуний эгаллаб олишга уринишларини қоралади. Ҳужжатда, шунингдек, Украинага ҳарбий босқинни зудлик билан тўхтатиш ва Россиянинг барча қуролли кучларини мамлакат ҳудудидан “сўзсиз” олиб чиқиб кетиш талаби ҳам қайд этилган.
Қозоғистон Россиянинг Украина ҳудудига ҳарбий бостириб киришини расман қораламади. Шу билан бирга, аввалроқ мамлакат БМТда Украинадаги вазият бўйича овоз беришда асосан бетараф қолган эди.
Ваъдаларига тупурган “Толибон”
Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати мамлакат университетларидан кейинги қарорга қадар талаба қизлар учун дарсларни тўхтатишни талаб қилди. Бу қарор қабул қилинганидан кўп ўтмай, мамлакатда 30 киши, жумладан, аёллар қамчиланди. Жаузжон вилояти бош судьяси Абдул Ваҳоб Зоҳиднинг айтишича, маҳкум этилган 22 маҳаллий аҳоли ўғрилик, зино ва гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, 25 дан 39 даррагача урилган.
“Толибон”нинг бу қарори унинг инсон, жумладан аёллар ҳуқуқлари борасидаги ваъдаларига ишонган халқаро ҳамжамиятнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Хусусан, агар Афғонистонда қизларнинг таълим олиши тикланмаса, Америка Қўшма Штатлари Ғарбдаги иттифоқчилари билан “Толибон”га қарши чора кўришини билдирди.
“[“Толибон” агар бу қарорини бекор қилинмаса бунинг бадали бўлади. Бугун мен улар ҳақида батафсил гапирмайман, лекин биз буни иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан ҳаракатларни мувофиқлаштириш орқали қиламиз”, дейди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волкер Турк “Толибон”нинг аёлларни университетларда ўқишини тақиқлаш қарорини “Афғонистондаги аёллар ва қизлар ҳуқуқларининг навбатдаги ғазабнок ва шафқатсиз бузилиши” деб атади.
Бу орада Афғонистонда қизларнинг олий таълимдан юлиб олинишига қарши намойишлар бошланди. “Толибон” Қобулдаги намойишларни ёритган уч журналистни, шунингдек 5 намойишчини ҳибсга олди.
Ушланганлар норозиликни куч билан бостиришга уринаётган радикаллар томонидан жисмоний зўравонликка учраган.
Россиянинг пинжига тиқилаётган Қозоғистон
Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ иттифоқини тузиш ғоясидан воз кечди, деб ўйласангиз хато қиласиз. Айни вақтда ушбу масала тегишли вазирликлар томонидан муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, буларнинг барчаси ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам зарур.
Ўзбекистон томони бу борада аниқ қарор бергани йўқ, аммо Қозоғистон аллақачон ўзини ушбу иттифоқ аъзосидек ҳисоблашни бошлаган кўринади. Остона Россиянинг таклифида ҳеч қандай ёмонлик кўраётгани йўқ. Мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаровга кўра, Қозоғистон Путиннинг ташаббусини тижорат таклифи деб билади, бундан сиёсий тус излашнинг ҳожати йўқ.
“Бу Россия томонининг оғзаки таклифи, холос. Биз уни ҳали расмийлаштирилган шаклда олганимиз йўқ. Балки "иттифоқ" деган сўз ҳаммани безовта қилаётгандир. Бунда қандайдир миллий олий орган ёки интеграция институти яратилганини кўрмаяпмиз. Биз буни газ етказиб бериш бўйича газ бозорларини интеграциялашуви бўйича тижорат таклифи деб биламиз”, дейди Айдаров.
Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларида янги саҳифа
21-22 декабрь кунлари Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Уни аэропортда Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи кутиб олди. Асосий тадбирлар ташрифнинг иккинчи кунида бўлиб ўтди.
Аввалига давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қатнашган. Катта эҳтимол билан Президентлар икки мамлакат ўртасидаги энергетик масалаларни, жумладан Россиянинг иттифоқчилик таклифини муҳокама қилган бўлиши мумкин.
Икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар якунида Президентлар Мирзиёев ва Тўқаев Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида шартнома ва Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномани имзолади. Булар ўта муҳим ва тарихий ҳужжат экани айтилмоқда.
Ташриф доирасида жами 8 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланган.
Ёнғинда бир оиланинг уч фарзанди ёниб кетди
Тугаётган ҳафтада Андижондаги “Далварзин” маҳалласи, С.Абдулла 5-тор кўчасидаги уйда мудҳиш ёнғин содир бўлди. Унда уй эгасининг уч нафар фарзанди ёниб кетди.
Ёнғин жойига 4 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган ва 13 дақиқа ўтар-ўтмас ёнғин ўчирилган.
Ёнғин ўчириш вақтида 1982 йилда туғилган уй эгасининг уч нафар, бири 15, иккинчиси 13, учинчиси 5 ёшдаги фарзандлари 100 фоиз куйган ҳолда жасади топилган. Ҳодиса оқибатида уйнинг 70 квадрат метр майдонда шифт, том қисми ва уй жиҳозлари ёнган.
Келинни ким ўлдирди?
Қашқадарё вилоятининг Касби туманида 28 яшар аёл жиноят излари билан ўзи яшаётган хонадоннинг ҳаммомидан ўлик ҳолда топилди. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Текшириш давомида аёлни собиқ турмуш ўртоғи қасддан ўлдиргани аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича 17 декабрь куни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
LiveБарчаси