Сирдарёликларни ваҳимага солган Қайроққум сув омбори ҳақида қўшимча маълумот берилди

Жамият 17521
image

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳудудида жойлашган “Баҳри тожик” (Қайроққум) сув омбори ёрилиши натижасида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалди. Бу хабар ортидан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолиси саросимага тушиб, уйини ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилди.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги Тожикистон масъулларига таяниб, қўшимча маълумот берди.

Унга кўра, “Баҳри тожик” сув омборидаги гидроэлектр станцияси директори Файзулла Азизов сув омборида ҳеч қандай муаммо йўқлиги, барча иншоотлар техник соз ҳолатда эканини маълум қилган. 

Гидроэлектр станциясидаги агрегатлар одатдаги тартибда ишлаб турибди. Барча иншоотларнинг хавфсизлиги назоратга олинган. Сув омбори атрофидаги ҳудудларда яшовчи аҳоли саросимага тушиб, хавфсиз ҳудудларга кўчиб ўтаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам асоссиз.

Бугунги кунда Қайроққум сув омборининг сув ҳажми 3 млрд. 443 млн. м³ бўлиб, сув омборига сувнинг кириши 892 м³/сек., сувнинг чиқиши эса 880 м³ /сек.ни ташкил этмоқда. Сув омборида охирги ўн кунлик давомида сув тўплаш ва сув чиқаришда ҳеч қандай кескин ўзгариш кузатилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида кечаю-кундуз фаолият юритадиган навбатчилик ташкил қилинган ҳамда диспетчерлик хизмати доимий ишлаб турибди. Шунингдек, республикадаги барча йирик сув иншоотларининг хавфсиз ишлаши яна бир бор назоратдан ўтказилди.

“Баҳри тожик” сув омборининг сув ҳажми ўзгариши бўйича қўшни Тожикистон Республикаси сув хўжалиги органлари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзгидромет” маркази билан мунтазам алоқалар ўрнатилган бўлиб, сув омборининг ишлаш режими бўйича ҳар соатлик мониторинг юритиб борилмоқда.

Сув хўжалиги вазирлиги фуқароларни бу каби ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва хотиржамликка чақиради”, дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ, сув омбори ҳақидаги хабарларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раддия берганди. Шунингдек, Сирдарё ҳокими Ғофур Мирзаев вилоятнинг ўтган йили май ойида тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Марзаобод ва Олтинсой туманлари аҳолисини тинчлантириш учун боргани маълум қилинди.

Маълумот учун, “Баҳри тожик” сув омбори сувидан Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти Бекобод тумани, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда қўшни Қозоғистон Республикасининг экин майдонларини суғоришда фойдаланилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 625
Рейтинг: 3
Теглар
t
×