Сирдарёдан садо чиқди: ҳоким Tracker олиш фикридан қайтмоқчи эмас (видео)
Жамият
−
17 Июль 2023
16001Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосарларига, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимларига 16 та Tracker автомобилини харид қилиш учун 4 млрд сўм ажратилаётгани ҳақида QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган мақола юзасидан вилоят ҳокими муносабат берди.
Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши сессиясида кўриб чиқилган ва айни пайтда муҳокама учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари портали – regulation.gov.uz’га жойлаштирилган қарор лойиҳасини изоҳлаб шундай дейди:
“Мен бунинг таҳлилини қилдирдим. Ҳаммасини текшириб кўрсам, кунда-кунора ҳар бир машина таъмирланиши учун харажат кетяпти. Бари 2016-2017 йиллардаги машиналар. Айрим туманларда эса транспорт муаммоси бўлгани учун кластерларнинг машинасида юришибди. Эртага бу манфаатлар тўқнашувига олиб келмайдими? Бундай бўлмаслигига ким кафолат беради? Мен улардан ишни талаб қилиб олишим учун биринчи ўринда шароитини ҳам қилиб беришим керак”, деди ҳоким маҳаллий депутатлардан бирининг “16 та машинанинг ҳаммаси эскирганмиди?” деган саволига жавобан.
Маълум қилинишича, Сирдарёда ҳозирги кунда 5 та туман ҳокими кластерларга тегишли автотранспорт воситасидан ижара асосида фойдаланади. Вилоят ҳокимининг 2 нафар ўринбосари ҳам ижарага олинган машинада юради. Булар – салкам 600 млн сўм турувчи Hyundai Santa Fe 2022 ҳамда нархи 500 миллион сўмга яқин турувчи Hyundai Tuscon 2022.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Зафар Мирраҳимовнинг қўшимча қилишича, қолган туман ва шаҳар ҳокимликлари ихтиёридаги автотранспорт воситалари ҳам “маънан” эскиргани боис бугунги кунда мазкур автотранспорт воситаларини янгилаш зарурати туғилмоқда.
Аммо Сирдарё вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги хизмат автотранспорт воситалари тўғрисида бизга тақдим этилган янгиланган маълумотга кўра, ҳокимлик балансида оз эмас нақ 23 та транспорт воситаси бор. Наҳотки, шунча машина Сирдарё ҳокимларию ўринбосарларига камлик қилаётган бўлса?
Мазкур саволга ҳокимлик матбуот котиби Зафар Мирраҳимов жавоб берди. Унинг айтишича, ҳокимлик машиналарнинг фақат 14 тасидан фойдаланади. Янгиланган рўйхат қуйидагича:
Қолган 9 та машина эса юқоридан – Президент Админстрациясидан берилган топшириқ асосида меҳмонлар учун “запасда” турибди. Улар орасида битта Cadillac (2016), 4 та Captiva (2017), 2020 йилда ишлаб чиқарилган битта Mercedes Benz ва 2022 йилда ишлаб чиқарилган иккита Yutong микравтобуслари бор.
“Ушбу машиналарни ишлатиш учун бизга рухсат беришмайди. Фақат меҳмонлар, расмий делегациялар келган вақтдагина бу машиналардан фойдаланиш мумкин. Агар фойдаланиш мумкин бўлганда ўринбосарлар ижарага машина миниш ўрнига, шу машиналардан фойдаланган бўларди. Аммо ундай эмас”, деди матбуот котиби.
Ҳужжатдан кўринишича, мазкур автомашиналарнинг барчасига вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Ҳамдамовга бириктирилган. Шунингдек, унга ўзи фойдаланиши учун ҳокимлик балансидан ижара асосида Lacetti автомобили бириктирилган.
Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви ва маҳаллий бавлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 258-сон Қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида фақат раҳбар (ҳоким), раҳбар ўринбосарлари ва навбатчилик (меҳмонлар ва делегациялар учун) автотранспорт воситаси ажратиш назарда тутилган. Шунингдек, Давлат бошқаруви органларининг Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига делегация ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш мақсадида 5 тагача навбатчи автотранспорт воситаси сақлаш учун лимит белгиланган. Бундан кўринадики, Сирдарё вилоят ҳокимлигида автомобиллар сони белгиланган меъёрдан анча ошиб кетиб, 9 тани ташкил қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь