Сирдарёдаги авария Қозоғистонда ҳам электр узилишига сабаб бўлди

Жамият

−

image

Бугун, 25 сентябрь куни тонгги соат 05:05 да Сирдарё вилоятида жойлашган EDF (Électricité de France) компаниясига тегишли янги иссиқлик электр станциясида 1600 МВт қувват авариявий ўчди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, янги қурилган мазкур иссиқлик электр станциясида айни вақтда синов-созлаш ишлари олиб борилмоқда. Станциянинг авариявий ўчиши оқибатида аварияга қарши автоматика ишга тушиб, республиканинг айрим қисмларида электр таъминоти вақтинча узилишига сабаб бўлган. Вазирликка кўра, узилишлар асосан қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сув насослари ҳамда аҳоли истеъмолчиларининг электр таъминотида кузатилган.

Электр таъминотини тиклаш жараёнида энергия сақлаш тизимлари ва электр станцияларидаги захира қувватлар ишга туширилиб, истеъмолчилар босқичма-босқич тармоққа қайта уланган. Ҳозирда электр таъминотидан узилган барча истеъмолчилар тармоққа қайта улангани қайд этилган.

Маълум бўлишича, мазкур авариявий ўчиш ортидан нафақат Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, балки Қозоғистон энергетика тизимига ҳам таъсири оқибатида мамлакатнинг айрим жойларида ҳам электр таъминотида вақтинчалик узилишлар юзага келган.

Қозоғистоннинг KEGOC компанияси маълумотига кўра, соат 05:02 да Ўзбекистон энергетика тизимида 1516 МВт қувватдаги генерация ўчиши сабаб Марказий Осиё энергетика тизими томонидан қувват оқими юзага келган. Оқибатда “Шимол-Жануб” транзити ажралиб кетган.

Қозоғистон энергетика тизимида истеъмолчилар учун чекловлар ҳажми 962 МВтни ташкил қилган. Аварияга қарши автоматика, жумладан, частотавий юкламани камайтириш автоматикаси (АЧР) ва юкламани махсус автоматик ўчириш тизими (САОН) штат режимида ишлаган.

“05:43 да Қозоғистон Ягона электр энергетика тизимининг Жанубий ҳудуди ва Марказий Осиё ягона энергетика тизимининг Қозоғистон Ягона электр энергетика тизими билан параллел ишлаши тикланди ҳамда истеъмолчиларга қўйилган чекловларни олиб ташлаш бўйича топшириқ берилди”, дейилади компания хабарида.

EDF (Électricité de France) – Франциянинг давлат энергетика компанияси бўлиб, у дунёдаги энг йирик электр энергияси ишлаб чиқарувчиларидан биридир. Компания Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида қиймати 1,2 миллиард долларлик, қуввати 1600 МВт (1,6 ГВт) бўлган янги ва замонавий буғ-газ иссиқлик электр станциясини (ИЭС) барпо этганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиёнинг тўртта мамлакатида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда кенг кўламли электр энергияси узилишлари юз берганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг