Сирдарёда ёшлар етакчиси вақтинчалик вилоят ҳокими бўлди
Жамият
−
06 Январь
18249Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев айни кунда қисқа муддатли меҳнат таътилида бўлгани сабабли ёшлар етакчиларидан бири Дилмурод Раҳимжонов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги маълум қилди.
Ҳокимликка кўра, бундан кўзланган асосий мақсад замонавий билим ва тафаккурга эга, ташаббускор кадрларни тайёрлаш, ёшларга ўз раҳбарлик қобилиятларини тўла намоён этишлари учун замин ҳозирлаш ва уларга мотивация беришдан иборат.
Вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқарув аппарати ходимлари иштирокида ўтган йиғилишда Дилмурод Раҳимжонов ҳокимлик жамоасига таништирилган.
Бугундан ўз вазифасига киришган Дилмурод Раҳимжонов белгиланган кун тартибига мувофиқ вилоятдаги инвестицион лойиҳалар, ижтимоий соҳа объектлари, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишади. Шунингдек, ҳудудларда сайёр қабул ҳамда ёшлар билан учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, 28 ёшли Дилмурод Раҳимжонов 2022 йилдан буён Гулистон шаҳар Дўстлик маҳалласи ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. У 2023 йилда ўтказилган "Йилнинг энг намунали ёшлар етакчиси" Республика танловида 3-ўринни эгаллаган.
LiveБарчаси