Сирдарёда ўқитувчи 1-синф қизнинг қўлига игна санчгани ўз тасдиғини топмади
Жамият
−
17 Октябрь
6708
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятидаги мактаблардан бирида ўқувчилар ўқитувчилар томонидан игна санчиш билан жазоланаётгани ҳақида хабар тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Сирдарё вилояти ИИБнинг 102 қисқа рақамига Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи Э.Ғ. Сирдарё туманидаги 27-сонли мактабнинг 1-синфда ўқувчи қизи Ғ.О.нинг қўлига ўқитувчиси А.Г. игна тиққан ва ҳожатхонага чиқармасдан тазйиқ ўтказганини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Суриштирув давомида мутахассислар томонидан ушбу мактабнинг 1-“Е” синф ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказганида суҳбатда иштирок этган 28 нафар ўқувчи ўқитувчиси томонидан ҳеч қанақа қўполлик қилмагани, Ғ.О.ни уришмагани, унга игна тиқмаганини билдирилган. Суриштирув давомида юқоридаги ҳолат тасдиғини топмаган. Ота-оналар томонидан эса ўқитувчи ижобий тавсифланган.
Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаган Ғ.О.га олган тан жароҳати юзасидан экспертиза тайинланган.
Билдирилишича, Сирдарё тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги 277-мактабнинг 1-синф раҳбари хато қилган ўқувчиларини жазолаш учун уларнинг қўлларига игна ва “саморез” санчиб, тан жароҳати етказгани хабар қилинганди. Шундан сўнг ўқитувчи ишдан бўшатилди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.