Сирдарёда хотини ва қайнонасини ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
02 Апрель
9776Жиноят ишлари бўйича Гулистон туман суди турмуш қурганидан кўп ўтмай ўз хотини ва қайнонасини ўлдирган эркакка нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят судлари матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, эркак олдин ҳам биринчи турмуш ўртоғига пичоқ билан тан жароҳати етказгани учун судланиб, жазони ўтаб қайтган. Эндиликда унинг иккинчи турмуши ҳам фожиали якунланди.
Қайд этилишича, судланувчи воқеа содир бўлган куни ўзи ишлаган дўкон кассасидан 15 миллион сўм пулни ўғирлаб, сўнг қотиллик содир этган. Бунга эр-хотин ўртасида тўйда олинган мебелларнинг пули тўланмагани учун уйдан олиб кетилганидан келиб чиққан жанжал сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, судланувчининг турмуш ўртоғи Тожикистон фуқароси бўлган ва унинг Ўзбекистон ҳудудида бўлиш муддати ўтиб кетган. Бунинг учун эса жарима белгиланган ва марҳуманинг укаси уни тўлаш учун 2 млн 300 минг сўм пул ташлаб берган. Бироқ эркак бу пулларни ишлатиб қўйган. Куёвининг бу иши эса қайнонанинг эътирозига сабаб бўлган ва у ҳам ўша кунги эр-хотин жанжалига аралашган.
Соат 01:40 ларда судланувчи маст ҳолатда ўз хотини ва қайнонасини қасддан ўлдириш ниятида уйга келган. Ўзаро жанжал давомида эркак ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан қайнонасига 6 марта, хотинига эса 15 марта урган. Эркак қотилликни содир этиб, пичоқни кўчага улоқтириб, дўкондан ўғирланган пулни олиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Суд ҳукмига кўра, эркак Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг "а, ж" бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, маҳкумга озодликдан маҳрум қилиш жазосининг дастлабки 3 йилини турмада қамаш тарзида ўтаттириш белгиланди.