Сирдарёда қизини доимий равишда калтаклаб келган ўгай онага нисбатан жиноий иш қўзғатилди
3-саҳифа
−
21 Декабрь 2020
36099Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Ширин шаҳар "Фарҳод" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 15 ёшли вояга етмаган қиз (мактаб ўқувчиси) Х.А.нинг ўз ўгай онаси томонидан унга ёмон муносабатда бўлиб келинаётгани, кўп ҳолларда доимий руҳий босим ўтказилиб, енгил жароҳатлар билан калтаклаб келаётгани айтилган видеомурожаат тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ширин шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий ахборот берди.
Ушбу ҳолатга алоқадор тарзда Х.А.нинг бувиси Р.М. Ширин шаҳар Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. У мурожаатда Х.А.нинг ўгай онаси Н.З. уни уриб тан жароҳати етказганлиги, шу сабабли ўгай она Н.З.га нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ушбу мурожаатга асосан, Ширин шаҳар ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текшириш ўтказилиб, вояга етмаган Х.А.га “соғлиқнинг қисқа муддатли бузилишига сабаб бўлмаган енгил шикаст” етказганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан Маъмурий ишлар бўйича Ширин шаҳар судига юборилган.
Суд томонидан ишни кўриш вақтига келиб, вояга етмаган Х.А. кўрсатмаларини ўзгартириб ўгай онаси томонидан мунтазам равишда қийнаб ва уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилганлигини баён этганлиги сабабли, мазкур мурожаат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Ширин шаҳар прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, вояга етмаган Х.А. ва бошқа шахсларнинг кўрсатмаларида қарама-қаршилик бўлганлиги сабабли иш ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида ҳолат юзасидан Ўзбекистгон Республикаси Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Ширин шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳига юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаган Х.А. ва унинг яқин қариндошлари томонидан муқаддам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳаллага мурожаат қилмаган. Вояга етмаган Х.А. ўгай онаси билан бирга яшаб келган отаси Р.У. ҳам ушбу вақтда турмуш ўртоғининг фарзандларига бўлган муносабатини кузатиб бормаган, қизи Х.А.га нисбатан содир этган ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳеч бир масъул ташкилотга мурожаат қилмаган.
Ширин шаҳар ИИБга йўлланган аризани кўриб чиқиш вақтида терговга қадар текшириш ва тергов ҳаракатлари ўз вақтида ва қонун доирасида кўриб чиқилган.
Ширин шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари ҳамда қизнинг ўгай онаси Н.З. билан суҳбат олиб борилган ва суҳбат жараёнида Н.З.дан нега ўгай қизи Х.А.га салбий муносабатда бўлганлиги сўралганда, Н.З. ўгай қизини уй юмушларида айтганларини қилмаганлиги учун “тарбиялаганлигини” иддао қилган
Маълумот учун, вояга етмаган Х.А. "Фарҳод" маҳалласида жойлашган 2-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синфида ўқийди. Мактаб директорининг таъкидлашича, бошқа ўқувчилар қатори ушбу ўқувчининг ҳам жисмоний ва руҳий ҳолатини ўрганиш бўйича мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва амалиётчи психолог томонидан доимий суҳбатлар олиб борилган ва ҳеч қандай салбий ҳолатлар сезилмаган. Шунингдек, 10-синф ўқувчиси Х.А. дарс жараёнларида фаол қатнашиб келади, сабабсиз дарс қолдирмайди, тасвирий санъат тўгарак машғулотларига доимий фаол иштирок этиб келади, дарс жараёнларида ҳам тенгдошлари билан яхши муносабатда ва ҳеч қандай салбий ҳатти-ҳаракатлари сезилмаганлиги таъкидланган.
2-умумий ўрта таълим мактаби директори қизнинг отаси Р.У. билан олиб борган суҳбат давомида, турмуш ўртоғи қизига нисбатан юқорида келтирилгани каби салбий муносабатда бўлиб келганини сезмаганлигини айтиб, бу борада бепарволик қилганини тан олиб, афсусда эканлигини ва мазкур салбий ҳолатлар юзага келганлигида ўзини айбдор ҳис қилган ва бундай кейин оилавий муносабатларда ўз оталик масъулиятини сезган ҳолда эътиборли бўлишини билдирган.
Ҳозирги кунда қизнинг ўгай онаси Н.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) ва 110-моддалари (Қийнаш) билан айблов эълон қилиниб, тергов ҳаракатлари якунланмоқда.