Сирдарёда икки болани уриб юборган ҳайдовчи қамалди
3-саҳифа
−
14 Июнь
3773Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида 2 нафар мактаб ўқувчисини уриб юбориб, уларнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 8 йил 6 ой муддатга қамалди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 24 ёшли йигит отасининг машинасини ҳайдаб, йўл қоидаларини менсимасдан тезликни оширгани боис йўл четида ҳаракатланиб келаётган 2 кишини уриб юборган. Ҳайдовчи Пахтобод - Янгиобод йўли бўйлаб автомобилни бошқариб келаётиб, тезликни оширган ва рулни кескин бурган. Оқибатда содир бўлган ЙТҲ икки пиёданинг ўлими билан якунланган.
Маълум қилинишича, машинанинг тезлиги соатига 118 километрни ташкил қилган.
Жиноят ишлари бўйича Сардоба тумани судида мазкур иш кўриб чиқилди. Судда жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари айбланувчига энг оғир жазо сўраган. Суд ҳукми билан ҳайдовчи йигит Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 2 эркак танишини бўғиб ўлдирганди ва бунинг ортидан улар 20 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.