Сирдарёда чўкаётган қизни қутқарган йигитнинг ўзи ҳалок бўлди
Жамият
−
02 Май 2019
15823Жорий йилнинг 30 апрель куни Гулистон шаҳри ҳудудидан ўтувчи каналда чўкаётган қизни қутқарган йигитнинг ўзи ҳалок бўлди.
ЎзАнинг ёзишича, Жиззах вилояти, Зомин тумани “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғини, Бирлик кўчаси, 3-уйда яшаган Сардор Баҳодиров Гулистон шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи “Дўстлик” канали қирғоқ бўйлаб кетаётганида чўкаётган қизни кўрган.
Сардор Баҳодиров чўкаётган қизни қутқариш мақсадида сувга тушган ва унинг ҳаётини сақлаб қолган. Аммо сув совуқлигидан Сардорнинг томирлари тортишиб қолиб, ўзи чўкиб кетган.
“Экспертиза хулосасига кўра, 1999 йил Зомин туманида туғилган Сардор Боҳодиров “чўкиш оқибатида нафас йўлларининг сув билан беркилишидан юзага келган механик асфиксия” натижасида вафот этганлиги маълум бўлди”, деган Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғи, полковник З.Қаюмов.
Ҳолат юзасидан Гулистон шахар прокуратураси топшириғига асосан зудлик билан суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Қутқариб қолинган қиз вояга етмаган 2005 йилда туғилган Гулистон шаҳар 3-мавзе 8-уй 2-хонадонда яшовчи, 8-мактабнинг 8-”В” синф ўқувчиси Мадина Муҳиддинова экани аниқланган.
Жабрланувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали жонлантириш бўлимига етказилган. Қизнинг жисмоний ҳолати нормаллашмоқда. Қизнинг нима сабабдан сувга тушганлиги сабаблари прокуратура ходимлари томонидан аниқланмоқда.
Бу бахтсиз ҳодиса – шаҳардан оқиб ўтувчи “Дўстлик” каналида шу ҳудуднинг ўзида жорий йилнинг биргина апрель ойидаги иккинчисидир. Шаҳар маъмурлари бу каби фожиаларнинг олдини олиш мақсадида зудлик билан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқмаса, ҳаво ҳарорати кўтарилган сари бундай бахтсиз ҳодисаларнинг такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.