Сирдарёда боғчада 23 нафар бола овқатдан заҳарланди
Жамият
−
19 Июнь 2019
5654Жорий йилнинг 18-19 июнь кунлари Сирдарё вилояти Боёвут тумани 21-сонли мактабгача таълим муассасасининг 23 нафар тарбияланувчиси, 1 нафар тарбиячиси ҳамда 1 нафар ҳамшираси тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши, қайд қилиш, ич кетиши, қорин соҳасида оғриқ каби касаллик белгилари билан Боёвут туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига “ўткир ичак касаллиги, овқат токсикоинфекцияси” ташхисига гумон қилиниб ётқизилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, дастлабки эпидемиологик суриштурувлар жараёнида мазкур муассаса ичимлик суви билан таъминланмагани, 17 июнь куни тоза ичимлик суви ташиб келтирилмагани натижасида боғчанинг санитария-гигиена қоидалари ҳолати қониқарсизлиги, шунингдек, болалар қайнатилмаган сув ичгани ҳамда боғча ҳудудидаги мавжуд ўрикзордан ўрик мевасини яхши ювмасдан егани оқибатида касаллик келиб чиққани тахмин қилинмоқда. Ўрганиш ва лаборатория текшириш ишлари давом этмоқда.
Беморларнинг аҳволи ўрта ва енгил оғирликда, шифохонада дори- дармонлар етарли миқдорда, уларга керакли барча тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти, Вирусология илмий текшириш инсититути ҳамда Республика давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг бир гуруҳ тажрибали мутахассислари мазкур ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш, амалга оширилаётган даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, маҳаллий шифокорларга амалий ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этилди.
Ушбу вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.