Синдоров ва Абдусатторов Осиё рейтингида биринчи икки ўринни эгаллади

Спорт

image

Осиё шахмат федерациясининг сентябрь ойи учун янгиланган эркаклар рейтингида икки ўзбекистонлик шахматчи биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

20 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 2778 рейтинг очкоси билан қитъа рейтингида биринчи ўриндан жой олди. Яна бир ўзбекистонлик шахматчи, 21 ёшли Нодирбек Абдусатторов эса 2762 очко билан иккинчи поғонани эгаллади.

Шу тариқа, Синдоров ва Абдусатторов Ўзбекистон тарихида илк бор Осиё шахмат рейтингида бир вақтнинг ўзида биринчи икки ўринни банд этди. Улар ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа ва Аржун Эригайси, шунингдек, хитойлик Вэй Ини ортда қолдирди.

Синдоровнинг тезкор шахматдаги рейтинги 2732, блицдаги рейтинги эса 2725 очкони ташкил этади. Абдусатторовнинг блиц рейтинги 2818 очкога тенг.

Маълумот учун, 20 ёшли Синдоров Кипрда ўтказилган 2026 йилги FIDE номзодлар турнирида ғолиб чиқиб, жаҳон чемпиони унвони учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.

Унинг амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан жаҳон тожи учун баҳси жорий йилнинг 24 ноябрдан 12 декабрга қадар Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг