Синдоров қатнашадиган жаҳон чемпионлиги учун соврин жамғармаси эълон қилинди
Спорт
−
09:49 1498 1 дақиқа
Амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ва ўзбекистонлик даъвогар Жавоҳир Синдоров ўртасидаги жаҳон чемпионлиги учун умумий соврин жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) матбуот хизмати хабар берди.
Мусобақа жорий йилнинг 22 ноябрдан 13 декабрга қадар Швейцариянинг Женева шаҳридаги Мартин Бодмер жамғармаси музейида бўлиб ўтади. Шу тариқа, жаҳон чемпионлиги учун баҳслар 2004 йилдан буён илк бор Швейцарияда ташкил этилади.
Баҳс жорий йилнинг 22 ноябрь куни очилиш маросими билан бошланади. Биринчи классик партия 24 ноябрь куни ўтказилади, 14-ва сўнгги партия эса 11 декабрга белгиланган. Агар ғолибни аниқлаш учун қўшимча баҳс талаб этилса, тай-брейклар 12 декабрь куни ўтказилади.
Гукеш Доммаражу ва Жавоҳир Синдоров баҳс бошланишида 20 ёшда бўлади. Бу жаҳон чемпионлиги тарихидаги энг ёш жуфтлик бўлади.
Шунингдек, Жавоҳир Синдоров Ўзбекистон тарихида мутлақ жаҳон чемпионлиги унвони учун баҳсда иштирок этадиган илк шахматчига айланади.
Баҳс максимум 14 та классик партиядан иборат бўлади. 7,5 очко тўплаган биринчи шахматчи жаҳон чемпионига айланади. Ҳисоб тенг келган тақдирда, ғолиб тай-брейклар орқали аниқланади. Жаҳон чемпионлиги баҳсининг умумий соврин жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Live
Барчаси