Си Цзиньпин Москвада Путин билан учрашди (видео)

Олам

image

Бугун, 8 май куни Москва шаҳрида Россия Президенти Владимир Путин ва расмий ташриф билан борган Хитой раҳбари Си Цзиньпин янги даврда ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат СССРнинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабасининг 80 йиллиги, Хитой халқининг Япония агрессиясига қарши қаршилик кўрсатиш урушидаги ғалабаси ва БМТ ташкил топганининг юбилейини нишонлаш учун тайёрланган.

Шунингдек, учрашув якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Путин ва Цзиньпин барча расмий тадбирлардан сўнг бўлиб ўтадиган яккама-якка чой зиёфатида энг нозик масалаларни муҳокама қилган. Сўнгги йилларда бундай норасмий мулоқот барча Россия-Хитой саммитларида бўлган.

Хитой раҳбари Россияга расмий ташриф ва Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этиш учун борди ва унда асосий хорижий меҳмон бўлади.

Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, ташриф доирасида тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралар, имзоланган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар алмашинуви, давлат раҳбарларининг ОАВ учун баёноти, делегациялар иштирокида расмий нонушта бўлиб ўтади.

Икки томонлама ҳамкорликнинг асосий тамойиллари ва йўналишлари 2001 йил 16 июлдаги “Россия ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартномада ўз ифодасини топган. Икки давлат ўртасида юқори ва энг юқори даражаларда интенсив алоқалар олиб борилмоқда. Россия ва Хитой раҳбарлари Владимир Путин ва Си Цзиньпин 40 дан ортиқ марта учрашган. Путин Хитойга ташриф буюриш ва халқаро тадбирларда иштирок этиш учун 20 мартадан ортиқ ташриф буюрган. У Хитойга бошқа дунё етакчиларига қараганда тез-тез қатнаган.

Си Цзиньпин Россияга 10 марта ташриф буюрди, бу бошқа мамлакатлардан кўра кўпроқ. 2023 йилнинг 20-22 март кунлари ҳам у давлат ташрифи билан Россияда бўлди. Бу Хитой раҳбарининг учинчи муддатга қайта сайланганидан кейин биринчи халқаро сафари эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Россияга расмий ташриф билан бориши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Путин Си Цзиньпин стратегик ҳамкорлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг