Швециянинг НАТОга кириши унинг ўзига боғлиқ – Эрдўған
Олам
−
21 Июль 2023
4978Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш истаги Анқара томонидан маъқулланиши Стокгольмнинг терроризмга қарши кураш бўйича келишувларни амалга оширишига боғлиқ эканини айтди. Бу ҳақда у бугун, 21 июль куни TRT’га берган интервьюсида сўз очди.
“Швециянинг НАТОга аъзолик учун аризаси парламентга тақдим этилгач, жараён парламент иш жадвалига мувофиқ давом этади. Музокараларимиз давомида Швеция томони берган ваъда ва кафолатларга амал қиламиз. Швеция қўйган қадамларга мувофиқ ҳаракат қиламиз”, деган Туркия раҳбари.
Шунингдек, Эрдўған Туркия НАТОдаги иккинчи энг катта армияга эгалигини ҳамда амалда блокнинг локомотиви эканини таъкидлаб, мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши иттифоққа ҳаётийлик ва куч бағишлашини айтган.
“Швеция террорчилик ташкилотларига қарши курашиш ва мамлакатимиз жуда ҳурмат қиладиган террорчиларни экстрадиция қилиш бўйича аниқ чоралар кўрса яхши бўларди. Ваъдалар ва кафолатлар амалга ошишини кутамиз”, дея қўшимча қилган Туркия Президенти.
Маълумот учун, Швеция ва Финляндия 2022 йилнинг май ойида Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш учун ариза берган, бироқ Туркия Швеция ва Финляндияга PKK ва PYD террорчи деб эълон қилишни ҳамда 2016 йилда террорчилик ёки давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, қўшилиш жараёнини блоклаган. 2022 йилги НАТО саммити олдидан ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун Туркия, Финляндия ва Швеция ўртасида икки шимолий давлат қўйиши керак бўлган аниқ қадамлар рўйхатини ўз ичига олган меморандум имзоланган.
Бу орада Финляндия жорий йилнинг 4 апрель куниёқ НАТО сафига расман қабул қилинди. Швеция эса мамлакатда Қуръон ва Туркия байроғининг ёқилиши билан боғлиқ акциялар ҳамда Туркия талабларининг бажарилмаслиги важидан ташкилотга қўшила олмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Вильнюсдаги НАТО саммити арафасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Европа Иттифоқи Туркияни ЕИга тўлақонли аъзо қилиш учун ҳаракат қилса, Анқара Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашини айтганди. Шундан сўнг НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва Америка Қўшма Штатлари маъмурияти Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Президент Жо Байден Туркияга F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь