Швецияда самолёт қулади. Барча парашютчилар ҳалок бўлди

Олам 4031
image
-

Кеча, 8 июль куни бортида 9 киши бўлган самолёт Швециянинг Эребру шаҳри яқинида қулаб тушди. Бу ҳақда “Aftonbladet” газетаси хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа содир бўлган пайтда самолётда саккиз кишидан иборат парашютчилар гуруҳи ва учувчи бўлган. Дастлаб, самолёт бортида бўлган 9 кишидан фақат бир киши тирик қолган ва шифохонага олиб кетилган. Кейинроқ маълум бўлишича, у ҳам вафот этган.  

Хабарга кўра, самолёт учиш-қўниш йўлагидан бир неча юз метр нарига қулаган ва ёниб кетган. Айни пайтда ёнғин ўчирилган, қутқарувчилар, шифокорлар ва полиция воқеа жойида ишлашни давом эттирмоқда. 

Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, ҳавога кўтарилиш пайтида самолётда муаммо юзага келган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида Филиппинда бортида 85 киши бўлган ҳарбий самолёт ерга қулади. Мамлакат Мудофаа вазирлигига кўра, ҳодиса оқибатида 29 киши ҳалок бўлган. 

Бундан ташқари, жорий йилнинг 4 июль куни Қозоғистонда гуруч далаларига ишлов бераётган АН-2 самолёти қулаб тушганди. Унинг бортида икки нафар учувчи бўлган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 151
Рейтинг: 3
t
×