Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши хавфсизликни кучайтирмайди – Россия ТИВ

Олам

image

Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши ушбу мамлакатлар хавфсизлиги мустаҳкамланишига хизмат қилмадйи ва расмий Москва бу ҳолатни қабул қилмайди. Бу ҳақда бугун, 16 май куни Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди, дея хабар бермоқда “Интерфакс”.

“Вазият, албатта, содир бўлаётган воқеалардан келиб чиқиб, тубдан ўзгармоқда. Буларнинг барчаси Ғарбдаги ва, хусусан, Шимолий Европа мамлакатларидаги сиёсий доиралар томонидан дунёда содир бўлаётган воқеаларни мутлақо нотўғри тушунишнинг натижасидир. Биз учун шу аниқки, Швециянинг, худди Финляндия каби, бу қарор (НАТОга қўшилиш – таҳр.) натижасида хавфсизлиги мустаҳкамланмайди”, дейди дипломат Москвада журналистларга.

Рябков НАТОнинг ушбу умумий конфигурацияси ўзгарганидан сўнг Россия ўз хавфсизлигини қандай шаклда таъминлаши алоҳида масала эканини қўшимча қилган.

“Бу, амалий жиҳатдан, Финляндия ва Швециянинг Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиш [ҳаракатидан] кутилаётган натижага боғлиқ бўлади. Уларда биз бунга шунчаки рози бўламиз, деган хаёлга бормасликлари керак”, деган Рябков.

Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, шунингдек, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш режаларини катта оқибатларга олиб келадиган хато деб атаган.

“Ҳарбий кескинликнинг умумий даражаси ошади ва бу соҳада башорат қилиш имконияти пасаяди. Ҳозирги вазиятда нима қилиш кераклиги ҳақидаги баъзи хаёлий ғоялар учун соғлом ақл қурбон қилинаётгани ачинарли. Бу жиддий оқибатларга олиб келадиган яна бир жиддий хато. Лекин нима ҳам қилардик, ўша мамлакатларда тегишли қарорларни қабул қиладиганларнинг даражаси шундай”, деди ТИВ вакили.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Швеция Финляндия

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг