Швеция Қуръонни ёқишни тақиқламоқчи
Олам
−
08 Июль 2023
7130Швеция расмийлари Қуръонни ёқиш билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида мамлакат қонунчилигига ўзгартиришлар киритиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Швеция Адлия вазири Гуннар Штрёммер “Aftonbladet” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қуръонни ёқиш ҳолатлари қироллик хавфсизлигига таҳдид солмоқда ва шу муносабат билан ҳукумат бу масалани қонунчилик даражасида муҳокама қилмоқда.
Адлия вазирлиги раҳбари Қурбон ҳайитининг биринчи куни Стокгольмдаги масжид олдида содир бўлган воқеа ва дунёда исломофобия кўринишларига салбий муносабатга эътибор қаратган.
"Шу муносабат билан Швеция ҳукумати Қуръон ва бошқа муқаддас китобларни ёқиш ҳолатларининг олдини олиш учун қонунни ўзгартиришни муҳокама қилмоқда, чунки бундай ҳолатлар мамлакат хавфсизлигига таҳдид солади", дейди Стрёммер.
Швециянинг собиқ бош вазири Карл Билдт ҳам Швецияда Қуръонни ёқишни тақиқлаш кераклигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг марказий майдонларидан бирида 37 ёшли ироқлик муҳожир томонидан Қуръон китоби ёқиб юборилганди. Бунга нисбатан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар норозилигини билдирди. Жумладан, Россия Президенти Владимир Путин Қуръоннинг ёқилиши динлараро адоват қўзғашини айтиб, бу ҳолат жиноят дея баҳоланишини ҳамда унга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Путинга унинг Доғистонга сафари давомида Қуръон совға қилишганди.
Расмий Анқара ҳам Қуръоннинг ёқилиши юзасидан Швецияга нисбатан норозилигини билдириб, ушбу мамлакат учун НАТОга аъзо бўлиш “орзу” бўлиб қолишини маълум қилганди.
Европа Иттифоқи Швециядаги воқеалар бўйича ўз позициясини билдириб, муқаддас китобларнинг ёқилиши ҳақорат, ҳурматсизлик ва очиқ-ойдин провокация эканини билдирган. Шунингдек, Қуръонни ёқиш бўйича акция Иттифоқ фикрини акс эттирмаслиги маълум қилган.
АҚШ ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, Швециядаги мусулмонларнинг ҳуқуқларидан хавотирда эканини билдирган.
Ироқ Қуръонни ёққан одам унинг фуқароси эканини даъво қилиб, Швециядан уни экстрадиция қилишни талаб этганди. Ироқда, шунингдек, футбол бўйча миллий чемпионатнинг “Ал-Шорта” ва “Ал-Қосим” жамоалари ўртасидаги ўйинда Швецияда Қуръоннинг ёқилишига қарши акция ўлароқ футболчи ва ҳакамлар майдонга Қуръон китоблари билан чиқишди.
2 июль куни эса Ислом ҳамкорлик ташкилотида Швецияда Қуръоннинг ёқилиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилганди.
3 июль куни Рим папаси Франциск Швецияда Қуръон ёқилишини кескин қоралаб, бу ҳолат уни ғазаблантирганини маълум қилди.
5 июль куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь