Шойгу Украинани огоҳлантирди

Олам

image

Россия Мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу агар Киев провокацияларини давом эттирса, Запорожье атом электр станциясида (ЗАЭС) юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар учун жавобгарлик Украинада бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

“Таъкидлайманки, кейинги провокациялар юз берган тақдирда, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар учун бутун жавобгарлик тўлиқ Украина расмийларига юкланади”, дейди у.

Шойгунинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари томонидан Запорожье атом электр станцияси объектларининг ўққа тутилиши Европада ҳақиқий ядровий фалокат хавфини туғдиради, Киевнинг бундай ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ томонидан ядровий терроризм сифатида квалификация қилинади. 

“МАГАТЭ мутахассислари келганига қарамай, провокациялар давом этмоқда. Кеча Украина Қуролли кучлари нафақат Запорожье атом электр станциясини, балки миссия аъзоларининг ҳаракатланиш маршрутини ҳам ўққа тутди”, деб давом этди Мудофаа вазирлиги раҳбари. 

Вазир АҚШ ва Европа Иттифоқининг электр станцияси атрофидаги вазият юзасидан сукут сақлаётганига ишора қилиб, улар Киевнинг провокацияларини қўллаб-қувватлаётгани, Россия эса Запорожье АЭС хавфсиз ишлаши учун ҳамма нарсани қилаётганини урғулади.

“Биз МАГАТЭ миссияси фаолиятининг объектив натижалари жаҳон ҳамжамиятига етказилишини кутамиз”, дея хулоса қилди Шойгу. 

Бугунги кунга қадар Запорожье вилояти ҳудудининг тахминан 72-73 фоизи Россия қўлига ўтди.  Украина Қуролли Кучлари назорати остида Запорожье шаҳри қолмоқда, у ерда минтақа аҳолисининг деярли ярми истиқомат қилади. Вилоят маркази вазифасини Мелитопол бажаради.

Айтиш жоизки, 30 август куни МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси бошчилигидаги миссия Киевга етиб борганди. 31 август куни эрталаб эса МАГАТЭ миссияси карвони Киевдан чиқиб, Энергодардаги ЗАЭС томон йўл олган. 1 сентябрь куни экспертлар ўз ишини бошлади. 

Эслатиб ўтамиз, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергей Шойгу

Баҳолаганлар

941

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг