Шойгу ШҲТнинг ҳарбий салоҳиятини ошириш йўлларини айтди

Олам

image

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) нинг жанговар салоҳиятини, хусусан, ҳарбий хавфсизлик соҳасида ахборот алмашиш механизмлари орқали оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 24 август куни ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг Тошкентда ўтаётган йиғилишида айтиб ўтган.

“ШҲТ ҳарбий салоҳияти самарадорлигини ошириш. ШҲТ Мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги эксперт ишчи гуруҳи фаолиятини фаоллаштириш ва амалий мазмун билан тўлдириш. Унга мамлакатларимиз мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш”, дейди Шойгу йиғилишда жамоавий хавфсизликни таъминлаш бўйича устувор вазифалар ҳақида гапириб.

Унинг сўзларига кўра, устувор йўналишлар қаторига, хусусан, “учувчисиз учиш аппаратларига қарши кураш, ахборот ва биологик хавфсизлик” кириши мумкин.

Россия Мудофаа вазири, шунингдек қўшинларни тайёрлаш ва қўшма машғулотлар ўтказиш амалиётини такомиллаштириш, илғор тажриба алмашиш ва ноқонуний қуролли гуруҳларга қарши курашишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш зарурлигини ҳам таъкидлаган. Тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳар доим ШҲТнинг асосий устувор йўналиши бўлиб қолаётганини айтиб, ташкилот доирасида ҳарбий хавфсизлик соҳасида ахборот алмашиш механизмини ишлаб чиқишни ҳам асосий вазифалардан бири деб атаган.

“Бундай ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш учун биз Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа идоралари ўртасида тезкор ахборот алмашинувини ташкил этиш ва уни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битим лойиҳасини ишлаб чиқдик. Биз уни яқин келажакда кўриб чиқиш учун юборамиз”, дейди Шойгу.

У бугунги учрашув натижалари Шанхай ҳамкорлик ташкилотини янада изчил ривожлантириш, ташкилот масъулияти доирасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш учун мустаҳкам асос бўлишига ишонч билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

ШҲТ

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг